19:41 | 16.02.24
Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди. Маҳаллаларни обод қилиш ва кўкаламзорлаштириш бўйича Андижон тажрибаси яратилади.
16 февраль куни Хонобод шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.
Андижон вилоятида саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ижтимоий соҳалар ривожланмоқда. Шу билан бирга, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўп. Йиғилишда шундай имкониятлар кўрсатилиб, уларни ишга солиш бўйича чоралар ва масъуллар белгиланди.
Бу йил Андижонда 190 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, 7 мингта оила янги хонадон билан таъминланиши, Асака туманида «Янги Ўзбекистон» массиви барпо этилиши қайд этилди. Андижон, Асака ва Шаҳрихон шаҳарларида урбанизация дастури амалга оширилиши, аҳолиси 100 мингдан ошадиган Асака ва Шаҳрихон шаҳарлари вилоят бўйсунувига ўтказилиши белгиланди.
Маҳаллаларни обод қилиш ва кўкаламзорлаштириш бўйича Андижон тажрибаси яратилади. Уларни мева-сабзавот, чорвачилик, ҳунармандчилик, касаначилик, саноат, савдо ва хизматга чуқур ихтисослаштириш бўйича дастур амалга оширилади. Бу мақсадларга 850 миллиард сўм кредит ресурслари ва 50 миллиард сўм субсидия ажратилади.
Транспорт хизматларини яхшилаш мақсадида Хонободдан Асакагача поезд қатновини йўлга қўйиш, Андижондан юртимизнинг бошқа шаҳарларига поезд ва автобус қатновини кўпайтириш режалаштирилди. Шунингдек, кичик ва микро ГЭСлар қуриш, электр тармоқлари ва йўлларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берилди.
Вилоятда ишсизлик даражаси 7 фоизга тушган. Аҳолининг тадбиркорликдан олаётган даромади 1,5 бараварга ошган. 225 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилган. Лекин ҳали 400 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш, битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш зарур. Шу мақсадда улар касб-ҳунарга ўқитилади, имтиёзли кредитлар берилиб, тадбиркорликка жалб этилади. Хитой тажрибаси асосида маҳаллалар четида иссиқхоналар ташкил этилиб, эҳтиёжманд оилаларга бўлиб берилади. Ёшлар ахборот технологиялари ва хорижий тилларга қўшимча ўқитилади.
Андижонда автомобилсозлик соҳасида 12 та йирик ва 160 дан ортиқ маҳаллий корхона бор. Уларда 17 минг аҳоли банд. Буни янада ошириш учун эҳтиёт ва бутловчи қисмларни кооперация асосида маҳаллаларда ишлаб чиқариш кенгайтирилади. Булоқбошида керамик плита, Марҳамат ва Балиқчида чинни буюмлар корхоналари ташкил этилади.
Вилоятда ип-калавани қайта ишлаш даражасини 100 фоизга етказиш имконияти борлиги қайд этилди. Бу йил 150 миллион долларлик бўяш ва тайёр кийим ишлаб чиқариш лойиҳалари якунланиб, 6 мингта иш ўрни яратилади. Тўқимачилик корхоналарига Италиядан дизайнерлар олиб келинади. Шунингдек, Олтинкўл туманида мебелсозлик комплекси барпо этилади.
Мураккаб таркибли дори ва тиббий буюм ишлаб чиқариш бўйича 7 та лойиҳа амалга оширилади. Олий таълим муассасаси билан бирга фармацевтика кластери ташкил қилинади. Андижон вилояти билан Хитой ишбилармонлари ўртасида 3 миллиард долларлик келишувларга эришилган. Унинг 1 миллиард долларини шу йилнинг ўзида жалб этиш мумкин. Шу мақсадда Андижон туманида 218 гектарда «Ипак йўли» эркин иқтисодий зонаси ташкил қилинади. Инвесторларга эркин иқтисодий зоналар учун белгиланган барча солиқ ва божхона имтиёзлари берилади. Шунингдек, саноат зоналардаги бўш ерларга 300 миллион долларлик лойиҳалар жойлаштирилади.
Мутасаддилар жорий йилда 2,5 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиб, 45 мингта иш ўрни яратиш, 1 миллиард доллар экспорттаъминлаш режаларини баён қилди. Замонавий меҳмонхоналар ва туризм марказларини барпо қилиб, 20 минг кишининг бандлигини таъминлаш имкони борлиги айтилди.
Қишлоқ хўжалигидаги асосий вазифа ҳосилдорликни ошириш, экспортни кўпайтириш ва саноатлаштириш бўлади. Шу мақсадда пахтачиликда 80 центнергача ҳосил берадиган, тола чиқими 45 фоизгача бўлган Хитой нави экилади. 10 минг гектарда томчилатиб суғоришни жорий қилиниб, яна 20 минг гектар лазерли текисланади. «Туямўйин», «Миян», «Чинободсой», «Қадим», «Қатортол», «Пахтаобод» каналлари бетонланади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: