15:58 | 25.01.24

                       

Андижон ва Наманганда электр энергияси тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди

Тўртта ҳолат бўйича Жиноят кодексининг фирибгарлик ва ўғрилик моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янги Наманган туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Гулистон» МФЙда яшовчи фуқаро Д.О. яшаш хонадонида ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида компьютер ўйинлари хизматини ташкил этиб, компьютерларни умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 177 млн сўм электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Асака туман бўлими томонидан туман ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Ш.Б.» фермер хўжалиги раҳбари М.Ш. ҳеч қандай ҳужжатсиз 2 та сув насосини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 153 млн сўм электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Шунингдек, терговга қадар текширувда Асака туман ЭТК муҳандиси Ф.Я. фермер хўжалиги раҳбари М.Ш.нинг ишончига кириб, электр ҳисоблагич ўрнатиб бериши ҳамда ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 13 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Худди шундай, Департаментнинг Шаҳрихон туман бўлими томонидан «Ўзенергоинспекция»ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Ў.Ш.» фермер хўжалиги раҳбари М.А. ҳеч қандай ҳужжатсиз 2 та сув насосини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 106 млн сўм электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатли ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: