14:15 | 19.01.24

                       

Атроф-муҳитнинг ифлосланишида ҳамманинг ҳиссаси бор

Муаммони аниқлаш – унга бўлган ечимга биринчи қадам ҳисобланади.

«Тошкент ҳавоси ифлосланиб кетяпти, энди бу ерда яшаб бўлмайди, кўчиб кетиш керак», – деб билиб-билмай бир нималар демоқдамиз. Ифлосланишга шаҳардаги қурилишлар, заводлар, давлат, ҳокимият, вазирликларни айблашдан бери келмаяпмиз. Ҳа тўғри, Тошкентда экология ифлосланиб бормоқда. Бу тўғрисида Экология ҳам муаммонинг сабаблари ҳақида маълум қилди. Биламиз муаммо бор, сабаблари ҳам аниқ. Хўш бу муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлдими? Аввал ҳам бор эди. Бир қанча вақтдан бери ҳаммамизни эътиборсизлигимиз сабабли тўпланиб келаётган эди.

Боғларнинг камайиши, дарахтларни аёвсиз кесиб ташлаганимиз, тинимсиз бетартиб қилинган қурилишларимиз, жамоат транспортида юриш ўрнига кўз-кўз қилиб оилада ҳар биримиз алоҳида шахсий машиналаримизда юришимиз, йўлларимиздаги «пробкалар», ҳар қадамдаги ишлаб чиқарувчи завод, фабрикалардан чиқаётган зарарли газлар ва ҳоказо муаммоларимиз йиллар давомида қалашиб ётибди.

Оддий мисол, на завод, корхоналарда, на одамларда чиқиндиларни ташлаш маданияти йўқ. Уйимиздан чиққан чиқиндини дуч келган жойга ташлаб кетамиз. Уйимиз тоза бўлса бўлди, кўча билан ишимиз йўқ. Ёнимизда биров чиқинди ташлаб кетса ҳам ғинг демаймиз. Аввал буваларимиз уйда пўчоқни алоҳида, чиқиндини алоҳида ажратган. Ҳозир камдан-кам одам уйида бу ишни қилади. Ҳаттоки, нонни ҳам ахлатга ташлаяпмиз. Қуш уясида кўрганини қилади. Бу кўрган болаларимиз ҳам дарсга бориб келишда йўлма-йўл чиқинди ташаб келади.

Ҳаммамиз чет элга чиқиб келсак «Уёқда унақа экан, бунақа экан. Кўчалари ҳам тоза-озода, битта ҳам ‘мусор’ йўқ. Камералари бор, чиқинди ташлаганни катта штраф қилади. Одамлари ҳам дакки беради. Ҳаммаёқ ям-яшил, боғ-роғлари кўп…», – деб мақтанишдан бери келмаймиз.

Биров айтмайдики, «У ерда ҳам сиз-у бизга ўхшаган одамлар яшайди. Улар бизга ўхшаб ‘дом’лар орасидаги дарахтларни чопиб, ‘стоянка’ қилмайди. Маҳаллалардаги паркларни бузиб, уй қурмайди. Бизга ўхшаб чиқиндини тўғри келган ерга ташламайди ёки мaшинасидан улоқтириб кетмайди, чиқиндини топширганда ҳам саралаб топширади…»

Бизда-чи, шиша идиш бўладими, нонми, пўчоқми, қоғозми, консерва банками, боламизни памперсими ҳаммаси битта қилиб ташланади. Ҳар балони қўшганимиздан чиқиндиларимиз чиқиндихонага бориб, уёқдаги вирусларга тўла чиқинди уй ҳайвонлари, қуш ва ҳашаротлар учун емиш бўлади. Яна айланиб ўзимизга келиб тарқалади.

Бироқ шу пайтгача бу муаммоларни бирорта марди чиқиб, кўтарганини кўрмадик. Четдан туриб муаммоларда бировни айблаш жуда осон. Бу сафар ҳам доимгидек экологиядаги аҳволга бир-биримизни айблаб юрибмиз. Аслида бунга ҳаммамиз айбдормиз. Демак, муаммони аниқлаш – унга бўлган ечимга биринчи қадам. Экологияни бузилиши ҳаммамизга баравар таъсир қилишини унутиб қўйганмиз. Экология деса, бу фақат ҳокимият ёки вазирликлар бош қотириши керак бўлган масала деб биламиз. Худдики бу масала фақат уларга керак. Шу ҳаводан ҳаммамиз бирдак нафас олиб яшаяпмизми, демак жавобгарлиги ҳам ҳаммага бўлиши керак.

Аввал бу муаммолар тўғрисида очиқ гапирилмаган бўлса ҳам охирги вақтда экологиянинг жами муаммолари тан олиниб, очиқ-ойдин ўртага ташланяпти. Олдинлари экология тўғрисида эшитмасдик, ҳозир эса Президент ҳам кўп мажлисларида экология деб гапирмоқда. Экология бўйича чет элликлар билан катта-катта тадбирлар ўтказилаётганини телевизорда ҳам кўрсатиляпти. Айрим одамлар ҳам сувни асраш, дарахтларни кесмаслик, чиқинди ташламасликка чақираётганини кўряпмиз. Бу яхши албатта. Қани ҳаммамиз ҳам шунақа «актив» бўлсак. Демак, анча-мунча ўзгаришлар бўляпти.

Ҳар куни бирор жойда ҳашар билан дарахтлар экилганини, дарахтларни ҳам шунчаки кесмасдан бошқа жойга кўчириб ўтказилаётгани, тагини асфалт ёки бетон тўсиб қолган дарахтларнинг юзи очилаётгани, йўллардаги камераларда ҳар ерга чиқинди ташлаб кетганларга жарималар қилинаётганлигини оинаи жаҳонда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам кўряпмиз.

Ҳозир яна шу экология бўйича Президентни қанақадир янги қарори чиққанлигини ёзишяпти. Энди чиқиндиларни алоҳида қилиб ташлаш, камераларни яна кўпайтириш, жарималарни ошириш, чиқинди ташишда фойдаланилган машинани ҳам мусодара қилиб, ўша жойни ўзига тозалатиш, мабодо, уй қуриш ёки таъмирлашда ҳам экологияга зарар келтирса, жазога тортиладиган бўлибди. Ана энди нафас олиб, яшаб турган, биздан кейин болаларимиз ҳаёт кечирадиган табиатни асраб-авайлаш ҳаммамизни вазифамиз эканини тушуниб етамиз. Шу тарзда 1-2 йилда одамлар ҳам анча тартибга тушиб, кўчаларимиз, ҳавомиз ҳам тоза бўлиб қолса ажаб эмас.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: