20:51 | 03.02.23
АҚШ Boeing’дан ушбу ракеталарни харид қилишга 200 миллион доллар ажратган
Қўшма Штатлар Украинага тақдим этадиган ҳарбий ёрдам пакетидан узоқ масофага мўлжалланган юқори аниқликдаги қурол-яроқлар ҳам ўрин бўлади, деб хабар беради Bloomberg. Аммо уларни ва бошқа қуролланишларни Украинага топшириш узоқ муддат — 10 ой вақт талаб этади.
Янги ўқ-дорилар Boeing компаниясидан буюртма қилинган. Агентлик маълумотларига кўра, гап GLSDB (Ground Launched Small Diameter Bomb ер устидаги нишонларни ишғол қилувчи кичик диаметрли бомбалар) ҳақида кетмоқда. Boeing’дан ушбу ракеталарни харид қилишга 200 миллион доллар ажратилган. Аввалроқ Reuters ушбу қуроллар Украинага етказиб берилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Boeing компаниясининг мазкур қуроллари GBU-39 юқори аниқликда бошқариладиган авиабомбалари ҳамда ракета двигатели комбинациясидан иборат. Уларни М270 ва HIMARS ер усти ракета мажмуалари орқали ҳам учириш мумкин.
Boeing’нинг янги ракеталари 2015 йилда Швециянинг Saab AB компанияси билан ҳамкорликда уч маротаба синовдан ўтказилган. Синовлар давомида у 130 километрдан ошиқ масофага учиб, бир метр оғиш билан нишонни яксон этган. Бу HIMARS комплексининг ракеталари учадиган масофадан деярли икки баробарга кўп дегани.
Шунингдек, ёрдам пакетидан пиёдаларга қарши Claymore миналари, қишки кийим-кечаклар, 155 миллиметрли Excalibur снарядлари, Patriot тизимлари учун эҳтиёт қисмлар ва Мк-153 ракета қурилмалари ўрин олади.
Аввалроқ Исроил бош вазири Украинага «Темир қубба» тизими етказиб берилишини истисно этмаганди. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Нетаняхунинг сўзларига муносабат билдириб, «қурол-яроғ етказиб беришга бўлган барча уринишлар, ҳатто ниятлар даражасида бўлса ҳам, инқирознинг кучайишига олиб келишини» айтган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ўрталарида АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам сифатида 725 миллион доллар ажратиши, Украина мудофаа вазири Германияни мамлакатга қурол етказиб беришни блоклашда айблагани, Бельгия Украинага қурол сотиб олиш учун яна 500 миллион eвро бериши маълум қилинганди. Бир неча кун олдин эса Германия Украинага ҳарбий ёрдамни 2 млрд еврогача ошириши айтилган эди. Ноябрь бошларида АҚШ Украинага 400 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида 45 та Т-72 танкини етказиб бериши маълум бўлганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: