20:38 | 23.11.21

                       

Бугун оқшоми. 2022 йил учун иқтисодий режалар, газнинг асосий қисмини Хитойга сотган Ўзбекистон, Президент каналида чиққан, энди чиқмайдиган реклама

23 ноябрнинг энг муҳим хабарларини битта дайжестга жойладик

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни бевосита Ўзбекистонга алоқаси бўлган хориж хабари билан бошлаймиз. Польша оммавий ахборот воситалари икки нафар ўзбекистонлик 8 кишини чегарадан ноқонуний ўтказмоқчи бўлган пайтда қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди. Ўзбекистон ТИВ ҳолатни ўрганмоқда.

Фото: «Mylomza.pl»

Польша–Беларусь чегарасида 22 ноябрь куни икки нафар Ўзбекистон фуқароси ушланди. Бу ҳақда «PolskieRadio24» хабар тарқатди. Ломже шаҳар полицияси ходими Юстина Янаковскаянинг сўзларига кўра, улар 8 нафар Ироқ фуқаросини «Skoda» русумли автомобилда чегарадан ноқонуний ўтказмоқчи бўлган.

«Bugun.uz» мухбири ҳолат юзасидан маълумот олиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати билан боғланди. Вазирлик ҳозирда элчихона тарафидан вазиятни аниқлаштириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

ТИВ ўрганиш ишларини якунласа, бизга хабар беради, биз сизга хабар берамиз — хуллас, шунақа — «босқичма-босқич» (шу ерда ушбу сўзни ўринли ишлатиш бўйича лайфхак) бўлади, кутинг.

Янги йил учун иқтисодий режалар: ташқи қарз учун максимал сумма — 4,5 миллиард доллар таклиф қилинди, давлат бюджети харажатларининг таркиби эълон қилинди.

Ўзбекистон номидан ҳамда давлат кафолати остида ташқи ва ички қарзларни жалб этиш бўйича йиллик лимит давлат бюджети лойиҳасида кўрсатилади ва парламент тасдиғидан ўтади. 2022 йил учун Молия вазирлиги максимал 4,5 миллиард доллар ташқи қарз жалб этишни таклиф этган. Бу ҳақда вазирлик департамент директори Жасур Қаршибоев «Bugun.uz»га маълумот берди.

«Фуқаролар учун бюджет — 2022» лойиҳаси: давлат бюджети харажатлари 214,8 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,6 фоизни ташкил этиши режалаштирилмоқда. 2021 йилда эса бу кўрсаткич 190,8 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 26,4 фоиз ҳисобида бўлиши кутилмоқда

Ушбу лойиҳанинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги улуши ҳам прогноз қилинган. Унга кўра, «UzAuto Motors»нинг 2022 йилда тўлайдиган солиқлари бюджетнинг бир фоизини ҳам ташкил қилмаслиги прогноз қилинган.

Инфографика: «Фуқаролар учун бюджет — 2022»

Ўзбекистондаги ягона автомобилсоз кейинги йилда бюджетнинг 0,73 фоизини солиқ сифатида тўлайди (яъни, шунақа тахмин қилинган). Кейинги йил прогнозида ҳам «Навоий кон-металлургия кон-комбинати» ДК энг йирик солиқ тўловчи бўлди — давлат бюджетининг 17,82 фоизи.

Ўзбекистон Хитойга газ етказиб берувчи энг йирик тўртинчи давлат бўлди. Шу йилнинг 10 ойида Хитой Ўзбекистондан 601,27 мииллион долларлик газ сотиб олган.

Ўзбекистон январь–октябрь ойларида Хитойга табиий газ етказиб беришни 2,57 миллион тоннага (601,27 мииллион АҚШ доллари) етказди.

Фото: «Monitorurlsv.ro»

Пекинга табиий газ етказиб берувчи давлатлар ичида энг етакчиси Туркманистон ҳисобланади. Январь–октабрь ойларида Хитой ушбу мамлакатдан 5,38 миллиард долларга 19,79 миллион тонна газ импорт қилган. Етказиб бериш ҳажми бўйича иккинчи ўринда Россия, ундан кейинги ўринда Қозоғистон (865,01 миллион долларга 3,73 миллион тонна), тўртинчи ўринда Ўзбекистон (601,27 миллион долларга 2,57 миллион тонна) ва Мьянма (1,16 миллиард долларга 2,53 миллион тонна) туради.

Қорақалпоғистонда 4 нафар вазирга ҳайфсан берилди. Улар: халқ таълими вазири Рустем Рейимов, соғлиқни сақлаш вазири Мурад Қурбанов, қишлоқ хўжалиги вазири Зоҳид Зиядуллаев ва мактабгача таълими вазири Жумагул Уснатдинова. 

Фото: «Bugun.uz»

Хўш, оламда нима гап?

Telegram мансабдор шахс ва давлат идоралари каналларини реклама платформасидан чиқарди. Энди Шавкат Мирзиёев Telegram каналида реклама чиқмайди. Олдин чиққанди.

Мессенжер асосчиси Павел Дуровнинг сўзларига кўра, мансабдор шахслар ва давлат идораларининг каналлари реклама платформаларида вақтинча бўлган.

«Ҳозирда мансабдор шахслар ва давлат идораларининг каналларини реклама платформасидан чиқариб ташлаяпмиз», — дея таъкидлаган Дуров.

Фото: Telegram / @allamjonov_ki

Маълумот учун, аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзининг Telegram каналида Ўзбекистон Президенти каналида ёки ҳуқуқ-тартибот органлари каналида ҳам реклама чиқиши ғалати кўринганини ёзганди.

Рамзан Қодиров ОАВда жиноятчиларнинг миллатини очиқлашни таклиф қилди. Тегишли қонун лойиҳаси Давлат думасига киритилган.

Фото: «Юга.ru»

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда маълум бир миллатга нисбатан салбий муносабатни шакллантириши мумкин бўлган провокацион материаллар тез-тез эълон қилинади. Янги қонун лойиҳаси жиддий муҳокамага сабаб бўлган. Россия Журналистлар уюшмаси, хусусан, чечен парламентарийларининг ғояси матбуот эркинлигини чеклаши таъкидланган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: