21:00 | 12.12.22

                       

Бугун оқшоми. Ангренда оққан бензин, Тошкентда ёнган театр, Қозоғистондаги инфляция рекорди

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ангрендаги нефть базасида 11,5 минг литр бензин тўкилиб кетди

Тошкент вилояти Ангрен туманидаги нефть базаси ҳудудида совуқ оқибатида қувур ёрилиб кетиши сабаб 11,5 минг литр бензин оқиб кетди. Ижтимоий тармоқларда бензин сизиб оққан жойда маҳаллий аҳолинининг турли идишларга ёнилғи тўлдираётгани тасвирланган видеолар тарқалди.

Маълум бўлишича, 10 декабрь куни тахминан соат 20:10 да Ангрен нефть базаси ҳудудида 5000 метр куб ҳажмдаги 20-сонли сиғим (резервуар) сифонининг жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан музлаб ёрилиш юз берган.

Оқибатда сиғимда бўлган АИ 80 бензин ёқилғи маҳсулоти 11 500 литр тўкилган. Содир бўлган авария ҳолати завод ишчи-ходимлари томонидан шу куннинг ўзида соат 20:45 да бартараф қилинган. Ҳеч кимга жиддий зарар етказилмаган.

Ёнилғи маҳсулотлари тўкилиши натижасида ёмғир суви чиқадиган лоток ариқлари орқали завод ҳудудидан соат 14:00 да ташқарига сизиб чиққан.

Депутат Расул Кушербаев бу нефть базаси «осмондан тушгандек» бўлганини ва негадир олдин у ҳақида эшитмаганини ёзган. Кушербаевга кўра, масъуллар қуйидаги саволларга жавоб бериши керак:

  • Ангрен нефть базаси қачон, қайси манбаалар ҳисобига, нима мақсадда ташкил этилган?
  • Ангрен нефть базаси бугун кимга қарашли?
  • Ангрен нефть базасидаги АИ 80 бензини биржага сотувга чиқарилгандими?
  • Ангрен нефть базасидаги АИ 80 бензини нима мақсадда сақлаб турилганди?
  • Ангрен нефть базасидан оқиб кетган 11,5 минг литр бензин атроф муҳитга ва табиатга қанча зарар етказди?

Сурхондарёдаги газ «заправка»ларида чекловлар жорий этилди

Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсидаги газ қуйиш шохобчалари вақтинчалик ёпилганидан сўнг Сурхондарёда ҳам газ «заправка»ларида чекловлар ўрнатилди. Қайд этилишича, вилоятдаги газ қуйиш компрессор шохобчалари (АГТКШ)га етказиб берилаётган табиий газ таъминотини вақтинчалик чеклаш бўйича режа-жадвал тасдиқланган.

Режага кўра, белгиланган АГТКШ жуфт кунларида соат 07:00 дан 15:00 га қадар, айримлари эса тоқ кунларида соат 07:00 дан 15:00 га қадар табиий газ билан таъминланиши белгиланган.

Ўзбекистон туркман электр энергиясини Қирғизистондан қарзга олди

Ўзбекистон мамлакат орқали Туркманистондан Қирғизистонга транзит қилинадиган электр энергиясини кейинчалик қайтариш шарти билан қарзга олади. Қирғизистон Миллий энергетика холдинг бошқарув раисининг таъкидлашича, қўшниларнинг, яъни Ўзбекистоннинг «эҳтиёжларини тушуниш» ва «максимал истеъмол соатларида уларга ёрдам бериш керак».

Тошкентда электр таъминотида чекловлар киритилади

Тошкент шаҳри Миробод туманида электр энергияси таъминотига чекловлар киритилиши маълум қилинди. Қайд этилишича, чекловлар 2022-2023 йил учун амал қилади ҳамда чеклаш ҳар куни 2 соатдан қилиб белгиланади.

Тошкентда «Илҳом» театри ёниб кетди

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги «Илҳом» театрида 12 декабрь куни соат 03:34 да ёнғин содир бўлди. Маълум қилинишича, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 03:39 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 03:58 да қуршаб олинган ва соат 04:00 да ўчирилган.

Ёнғин оқибатида театр биносининг 1-қават холлининг 80 квадрат метр майдонида ички қисми ва жиҳозлари ёниб зарарланган. Тезкор ҳаракатлар сабабли ёнғиндан бинонинг 600 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлари вазири бошчилигидаги делегация АҚШга боради

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегацияси 12-14 декабрь кунлари АҚШга ташриф буюради.

Қайд этилишича, Вашингтон шаҳрида делегация Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг иккинчи йиғилишида иштирок этади.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда АҚШнинг бошқа расмийлари билан музокаралар ўтказади.

Шавкат Мирзиёев Венгриянинг «ОТП» банки делегациясини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Венгриянинг «ОТП» банки делегациясини қабул қилди. Музокаралар кун тартибидан олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари ўрин олган. Европанинг ушбу етакчи банки Ўзбекистон банк-молия бозорига кириш жараёнини бошламоқда.

Ўзбекистонда давлат ташкилотларига Янги йил корпоративини ўтказиш тақиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги раёсат мажлиси 12 декабрь куни бўлиб ўтди.

Bugun.uz манбасининг маълум қилишича, бош вазир Абдулла Арипов топшириғи билан барча турдаги давлат ташкилотлари ва ҳокимликларга бюджет ва ундан ташқари маблағлар ҳисобидан Янги йил байрами муносабати билан корпоратив йиғилишларни ташкил этиш, байрам дастурхонини ёзиш ва мушакбозлик уюштириш тақиқланди.

Мексикада жиноятчилар томонидан ўғирланган 7 нафар ўзбекистонлик қутқарилди

Мексика ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Гомес-Паласио шаҳридаги уйларнинг бирида 7 нафар муҳожир мажбуран тутиб турилгани аниқланди.

Фото: Policia estatal

Қайд этилишича, 911 хизматига бир гуруҳ осиёлик муҳожирлар мажбуран ушлаб турилгани тўғрисида хабар келиб тушган. Кейинроқ аниқланишича, улар Ўзбекистон фуқаролари бўлган: 5 нафар эркак, бир аёл ва вояга етмаган шахс.

Ўзбекистонликларнинг сўзларига кўра, улар автобусда Қуйи Калифорнияга кетаётган бўлган. Гомес-Паласио шаҳрида тўхташган вақтида уларга ҳужум қилишган.

Жиноятчилар Ўзбекистон фуқароларининг йўлни давом эттириши учун 1,2 минг доллар талаб қилган. Жабрланувчилар ёнида пул бўлмагани боис, уларни хусусий уйлардан бирига олиб келиб, муҳожирлар орқали бошқа усулда пул ишлашни режа қилишган.

Қутқарилган фуқаролар Ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш миллий миграция институтига жўнатилган.

Дунёда нима гап?

Қозоғистонда ноябрь ойида инфляция тарихий максимумга етди

Қозоғистонда ноябрь ойида инфляция йиллик ҳисобда 19,6 фоизни ташкил этди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг айтишича, бу тарихий максимум ҳисобланади.

Ҳукумат йиғилишида Қозоғистон президенти ўтган 11 ой ичида иқтисодиётнинг ўсиши 4,6 фоиздан 2,7 фоизга секинлашганини айтган. «Инфляция охирги 14 йилда 19,6 фоизни ташкил этиб, тарихий максимумга етди. Албатта, бундай вазият аҳолининг яшаш тарси ва даромадига салбий таъсир кўратади», — дейди Тўқаев.

Бош вазир Алихон Смаиловнинг таъкидлашича, нархларнинг ошишига, хусусан, геосиёсий кескинликнинг ортиши ва қўшни давлатларга айрим товарларни экспорт қилишга қўйилган чекловлар таъсир кўрсатган. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ички бозордаги маҳаллий товарлар улушини оширишни, шунингдек, маҳсулотларни ташиш механизмларини ишлаб чиқиш ва чакана савдони қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.

Маълумот учун, 2021 йилда Қозоғистон ЯИМи 4 фоизга ўсган. Декабрь бошида мамлакат Марказий банки 2022 йил бўйича ЯИМ ўсиш прогнозларини 2-3 фоизгача туширган эди, шунингдек, йиллик инфляция 20-21 фоиз даражасида кутилмоқда. Ҳукумат эса йил охирига қадар ЯИМ ўсиши 3 фоиздан кам бўлмаслигини прогноз қилган.

Саудия Арабистони Хитой билан 50 млрд долларлик инвестициявий битим имзолади

Саудия Арабистони ва Хитой ҳукуматлари Ар-Риёдда ўтказилган саммитда 50 миллиард долларлик инвестиция битимини имзолади.

Фото: AP Photo

Инвестициявий келишув шартлари ошкор этилмаган. Бироқ Ал-Фалиҳнинг таъкидлашича, инвестициялар ҳам хусусий, ҳам давлат секторларига тааллуқли. Шу билан бирга, у мазкур рақамлар саммитда иштирок этган бошқа араб давлатларига ҳам тегишли ёки тегишли эмаслигига аниқлик киритмаган.

8 декабрь куни Хитой раиси Си Цзиньпин сўнгги олти йил ичида илк бор Саудия Арабистонига ташриф буюрди. 2021 йилда Хитой ва Саудия Арабистони ўртасидаги товар айланмаси 309 миллиард саудия риёлини (82,1 миллиард доллар) ташкил этган. Бундан ташқари, 2021 йилда Хитой томонидан импорт қилинаётган нефтнинг 17 фоизи подшоҳлик ҳисобига тўғри келган. Саудия Арабистони Хитой иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритганлар қаторида 12-ўринни эгаллаган.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: