16:45 | 18.05.24
Тошкентда яшовчи аёл интернетдаги ҳаволага кириб 30 млн сўм пулини йўқотди. Айбланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Тelegram мессенжеридаги ҳаволага кирган аёлнинг 30 миллион сўмини ўзлаштирган жиноятчи ушланди. Бу ҳақда ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида яшовчи (аёл) Н.Д. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 30 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент вилоятида яшовчи Т.А. содир этганлиги аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Т.А. Интернет фойдаланувчиларига Telegram мессенжери орқали турли хил мазмунидаги хабарни (ҳавола) жўнатиб, бу эълонга ишонган жабраланувчи (аёл) Н.Д.нинг банк карта маълумотларини қўлга киритиш орқали банк карталарида сақланган 30 миллион сўм миқдоридаги пулларни ўғирлаб, ўтказиб олишга эришиб, мазкур пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Т.А.га нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.