21:00 | 21.09.22

                       

Бугун оқшоми. Ҳарбий сафарбарликка жўнатиладиган россияликлар, «осмонга учган» авиачипталар, кескин қулаган фонд биржаси

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Владимир Путин Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. (Мобилизация ёки Могилизация?)

Украинага нисбатан ҳали-ҳануз расман уруш эълон қилмаган, барча расмий доираларда «махсус операция» деб атаб келинаётган ҳаракатларда аллақачон 5937 нафар (!) ҳарбий хизматчисини йўқотган Россия президенти Владимир Путин мамлакатда 21 сентябрдан бошлаб қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилди.

Фото: «РИА Новости»

Унга кўра, ҳарбий сафарбарликка резервда бўлган, маълум ҳарбий тажрибага эга бўлган эркаклар жўнатилади. Бундай тоифага кирувчиларнинг мамлакатни тарк этиши тақиқланиши, улар махсус ҳарбий тайёргарликни ўтаганидан сўнг Украинадаги уруш ҳаракатларига жалб қилиниши ва уруш (Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга нисбатан бундай сўзни ишлатиш Россияда ман этилган) вақтида сафарбарликка чақирилганларнинг маоши, мақоми ва имтиёзлари шартнома асосида чақирилганларники билан бир хил бўлиши белгиланган.

Россия президентининг қароридан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан бунга нисбатан турлича муносабат билдирилмоқда. Улардан баъзилари буни «мобилизация» (сафарбарлик) ўрнига «могилизация» (дафн қилиш) сўзи билан таърифламоқда.

Россиядан оммавий чиқиб кетишлар ортидан баъзи шаҳарларга авиачипталар тугаб қолди ёхуд «Ватаним учун жоним фидо»

Владимир Путин Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганидан сўнг Россиядан чет давлатларга чиқиб кетишлар сони ортгани туфайли авиакомпанияларда Боку, Тошкент, Истанбул, Ереван каби шаҳарларга рейслар учун чипталар қолмади.

Фото: «РБК»

Эндиликда, Москвадан Тошкентга зудлик билан учқмоқчи бўлганлар 23 сентябргача кутиши ва авиачипта учун «Аэрофлот»га 64 минг рубль (11 миллион 648 минг сўм) тўлаши керак.

Ҳудди шундай ҳолат Ереван, Боку, Истанбул каби шаҳарларга тўғридан-тўғри рейсларда ҳам кузатилмоқда.

Россия фонд бозори кескин қулади

Россияда Владимир Путин ҳарбий сафарбарлик эълон қилганидан сўнг Россия фонд бозори 5 фоизга тушиб кетди. Бир кун аввалги 8,84 фоизлик «қулаш»дан сўнг бугунги воқеалар фонида Россия фонд бозорида яна пасайиш кузатилди. Энг катта тушиш Москва биржасида кузатилган (15,33 фоиз).

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди

Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг давлат томонидан рухсат берилмаган намойишлар ўтказилиши ҳақида турли гап-сўзлар тарқалди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини бундай намойишларга қатнашмаслик, одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормаслик ҳақида огоҳлантирди.

Фото: Google Images

Тошкентда баъзи кўчалар ёпилади

Тошкент шаҳрида 22 сентябрь куни «Халқаро автомобилсиз кун» доирасида «Велосипед куни» акцияси ўтказилади.

Фото: «Bugun.uz»

Шу муносабат билан Махтмуқули кўчасининг Боткин кўчаси билан кесишмасидан «Янги Ўзбекистон» боғигача бўлган 11,5 километрлик йўл шу куни соат 07:00 дан соат 09:00 гача ёпиқ бўлиши эълон қилинди. Шунингдек, ҳайдовчиларга айланма йўллардан фойдаланиб туриш тавсия этилган.

Бугунда қолинг. «Бугун» билан яшанг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: