18:54 | 02.09.21

                       

Бугун оқшоми. Ислом Каримов ҳайкалига борган Президент, ДТМни танқид қилган президентликка номзод, «Толибон»нинг ички кураши

2 сентябрнинг муҳим хабарларини ушбу дайжестга жойладик

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугун — Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этган кун. Унинг вафотидан беш йил ўтди. Бу вақт оралиғида мамлакат бир қанча ўзгаришларга юз тутди. Каримовдан кейин Президентликка сайланган Шавкат Мирзиёевнинг биринчи беш йиллик муддати якунланмоқда. Сўнгги пайтларда Биринчи Президентни юксак эҳтиром билан эсга олаётган Шавкат Мирзиёев бугун унинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳурмат бажо келтириш маросимида парламент ва ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари иштирок этган. Шунингдек, Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилган.

Дайжестнинг бугунги сонида Президент ҳақида хабарлар кўпроқ, чунки давлат раҳбари дам олиш кунида ҳам учрашув ва йиғилишларга борди. Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки президенти билан учрашиб, банк йиғилишида қатнашди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилган. Давлат раҳбари Ислом тараққиёт банки билан шерикликнинг изчил кенгайиб бораётганини юқори баҳолаб, банк Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг янги дастурини қўллаб-қувватлаётгани ва уни илгари суришга муҳим ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этган. Ўзбекистон ва ИТБ ўртасидаги стратегик шериклик ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро яқиндан ишлаш ва фаол мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинган.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтаётган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишида иштирок этди. Унда Президент ҳам нутқ сўзлади. Унда қатор масалалар, хусусан, ислом дунёси билан кўп асрлик алоқалар, мусулмон оламининг ноёб маданияти, коронавирус пандемияси, иқтисодий имкониятлар борасида сўз борди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эътиборлиси, ушбу тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Унинг гапларига бу ерда батафсил тўхталиб ўтмаймиз, чунки мана бу саҳифада давлат раҳбари йиғилишда нималар ҳақида гапиргани батафсил ёритилган.

Президентликка номзод Мақсуда Ворисова ДТМ фаолиятини танқид қилди. Халқ демократик партиясидан президентликка номзодини қўйган Мақсуда Ворисова мандат кечикаётгани юзасидан фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, аҳоли, айниқса, умидвор ёшларнинг талабига жавоб бера олмайдиган Давлат тест маркази фаолиятини бутунлай қайтадан кўриб чиқиш керак.

Фото: Халқ демократик партияси матбуот хизмати

«Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига рақамлаштириш кириб келган, имтиҳон саволларининг жавоблари тўғрилигини компьютер текшираётган вақтда натижаларни чўзиш кимга керак бўлиб қолди? Ижтимоий тармоқларда ‘адолатсизлик қачон барҳам топади’, қабилидаги саволлар бежиз илгари сурилаётгани йўқ. Тўғри, абитуриент қанча балл олганини қисқа муддатда билиб оляпти, аммо мандатни эълон қилишга наҳотки бир ойга яқин вақт кетса? Бизнингча, ҳамма соҳа рақамлаштирилган даврда ‘баҳона излаш’ бефойда. Ҳеч бўлмаганда, Давлат тест маркази мутасаддилари халқ олдида ҳисобдорлигини англаб, ўз ҳаракатларига вақтида изоҳ беришлари керак», — дейди Мақсуда Ворисова.

Номзод, бундан ташқари, ОТМларга киришдаги имтиёзлар тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш кераклигини айтиб ўтган. Унинг фикрича, Имтиёзлар фақат республика ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун (махсус шартлар асосида ўз йўналишлари бўйича) қолдирилса, мантиқан тўғри бўлади.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ҳам ДТМнинг кеч қолаётган мандатига эътибор қаратиб, унга атаб карикатура чизди.

Хўш, оламда нима гап?

Путин «етти йиллик уруш» ва «Шимолий уруш»ни адаштириб юборди — мактаб ўқувчиси унинг хатосини тўғрилади. Россияда мактаб ўқувчиси Никанор Толстих Владимир Путин билан бўлган очиқ дарс пайтида президентнинг нутқида йўл қўйган хатосини тузатди.

Маълум бўлишича, Путин XVIII аср бошидаги Россия ва Швеция ўртасидаги урушни «етти йиллик» уруш деб атаган, лекин Никанор Россия раҳбари йўл қўйган хатони тўғрилаган.

Фото: «РБК»

«Умуман олганда, бу ‘етти йиллик уруш’ деб эмас, шунчаки ‘Шимолий уруш’ деб номланган», — деган мактаб ўқувчиси ҳамда уруш тафсилотлари ҳақида сўзлаб берган. Ўз навбатида, Россия президенти болага бу сўзлари учун миннатдорчилик билдирган.

«Ҳа, бу, албатта, Шимолий уруш. Тўғрилаганинг учун раҳмат», — дея қўшимча қилган Путин.

«Толибон» ҳаракати тез орада Афғонистоннинг янги ҳукуматини эълон қилиши кутилмоқда. Ҳаракат вакиллари ичида аллақачон ўзаро кураш бошланиб кетди.

«Толибон» етакчилари бўлажак Афғонистон ҳукуматига иложи борича кўпроқ таъсир ўтказиш учун ўзаро кураш олиб бораётгани маълум қилинди. Бу жараённинг асосий иштирокчилари «Толибон» ҳаракатининг кўзга кўринган лидерлари — Ҳаққоний ва «Толибон» ҳаракати асосчиси мулла Умарнинг ўғли Муҳаммад Ёқуб экани айтилган.

Фото: «Reuters»

Таъкидланишича, Мулла Ёқубга содиқ кучлар Афғонистондаги ҳаракатнинг таянчи ҳисобланган Қандаҳорни назорат қилади ва Ҳаққоний бошқарадиган ҳаракатнинг «Ҳаққоний тармоғи» эса Кобулни назорат остида ушлаб турмоқда.

Шунингдек, «Толибон» ҳаракатида бошқа келишмовчиликлар ҳам борлиги айтилган. Жумладан, мулла Ёқуб Афғонистонни дипломатия билан шуғулланганлар эмас, балки ҳарбий амалиётлар учун жавобгар бўлган раҳбарлар бошқариши керак, деб ҳисобласа, Ҳаққоний тарафи эса ҳукуматни ҳаракат асосчиларидан бири мулла Абдулғани Бародар бошқаришини айтган.

Аввалроқ уларнинг биографик маълумотлари ва Панжшерга уюштирган ҳужуми қайтарилгани маълум қилинганди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг. 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: