21:00 | 14.12.22

                       

Бугун оқшоми. Uzbekistan Airways’ни танқид қилган Президент, Саудияда қурилиши айтилаётган икки километрли бино, Қирғизистонда авж олаётган чўчқа гриппи

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Тошкентда электр таъминотидаги чекловлар узайтирилди

Тошкент шаҳрида электр энергияси таъминотига қўйилган чекловлар 16 декабрга қадар узайтирилди. Чекловлар шаҳардаги истеъмол мувозанатини таъминлаш, электр энергиясига бўлган талабнинг ошиши натижасида тармоқда тартибсиз узилишлар кузатилишини олдини олиш каби мақсадларда амалга оширилаётгани таъкидланган.

Пойтахт ҳокимликлари билан келишилган ҳолда, аввал жорий қилинган чекловлар 14, 15 ва 16 декабрь кунлари ҳам амал қилиши маълум қилинган.

Нукус воқеаларида ҳалок бўлган икки киши ҳақида маълумот берилди

Бош прокуратура Қорақалпоғистонда 2022 йилнинг июль ойида юз берган тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ортиқча куч ва воситалар ишлатилган ёки йўқлигига ойдинлик киритди.

Қайд этилишича, жамоат тартибини сақлашга сафарбар қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан оммавий тартибсизлик иштирокчиларига нисбатан қурол ва махсус воситалар қўлланилгани ҳолатига алоҳида иш юритувига ажратилган жиноят иши доирасида ҳуқуқий баҳо берилади.

«Икки нафар фуқаронинг вафоти юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида прокуратура идоралари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якунига кўра, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилинади», дейилади Бош прокуратура хабарида.

Ўзбекистонда «Тез ёрдам»га бир суткада 40,5 мингта чақириқ тушди

Ўзбекистонда бир кеча-кундузда «Тез ёрдам»га 40 минг 531 та чақириқ тушди.

Маълум қилинишича, «103» хизматига йўлланган мурожаатларнинг энг кўпи Фарғона вилоятида қайд этилган — 4719 та (11,6 фоиз). Ундан ташқари, қуйидаги вилоятларда бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ чақириқлар қайд этилган:

  • Андижон вилояти — 4404 та (10,8 фоиз)
  • Наманган вилояти — 4206 та (10,3 фоиз)
  • Тошкент шаҳри — 3952 та (9,7 фоиз)

Шунингдек, Ўзбекистонда 13 декабрь куни соат 08:00 дан 14 декабрь куни соат 08:00 га қадар 2703 нафар чақалоқ дунёга келган. Бундан 1391 нафари ёки 51,5 фоизи ўғил, 1312 нафари ёки 48,5 фоизини қиз болалар ташкил этади. 24 та ҳолатда эса эгизаклар дунёга келган.

Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда энг кўп чақалоқлар Самарқанд вилоятида дунёга келган — 331 нафар ёки барча туғилишларнинг 12,3 фоизи.

Республиканинг қолган ҳудудларидаги туғилиш статистикаси эса қуйидагича:

  • Фарғона вилояти — 301 нафар ёки 11,1 фоиз
  • Қашқадарё вилояти — 287 нафар ёки 10,6 фоиз
  • Сурхандарё вилояти — 237 нафар ёки 8,8 фоиз
  • Андижон вилояти — 227 нафар ёки 8,4 фоиз
  • Жиззах вилояти — 301 нафар ёки 11,1 фоиз
  • Бухоро вилояти —122 нафар ёки 4,5 фоиз
  • Навоий вилояти — 71 нафар ёки 2,6 фоиз
  • Сирдарё вилояти — 64 нафар ёки 2,4 фоиз
  • Тошкент вилояти — 193 нафар ёки 7,1 фоиз
  • Хоразм вилояти — 144 нафар ёки 5,3 фоиз
  • Қорақалпоғистон Республикаси — 144 нафар ёки 5,3 фоиз
  • Наманган вилояти — 215 нафар ёки 8, фоиз
  • Тошкент шаҳри — 214 нафар ёки 7,9 фоиз

Шу вақт давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва филиалларига 3335 та мурожат келиб тушган.

Госпитализация қилинганлар — 931 нафар.

«Авиакомпания эскича услубда ишлаяпти, йўловчилар хизмат сифатидан рози эмас». Шавкат Мирзиёев — Uzbekistan Airways ҳақида

Шавкат Мирзиёев 14 декабрь, чоршанба куни Uzbekistan Аirways акциядорлик жамиятини трансформация қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Лойиҳалар билан танишар экан, давлат раҳбари авиакомпания ҳамон эскича услубда ишлаши, мижозлари хизмат сифатидан рози эмаслигини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бу соҳада ўн йилга кечикканмиз. Авиакомпания эскича услубда ишлаяпти, йўловчилар хизмат сифатидан рози эмас. Агар иқтисодиётимизни, туризмни ривожлантирамиз десак, яккаю ягона йўлимиз шу», — деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкентда Mercedes-Benz ва MAN автобуслари иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида иккита йўловчи ташувчи автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

Қайд этилишича, 14 декабрь куни соат 11:00 ларда туманнинг Мирзо Улуғбек кўчасида 22 ёшли Д.А. бошқарувидаги Mercedes-Benz русумли йўловчи ташувчи транспорт воситаси ҳамда 50 ёшли Т.С. бошқарувидаги MAN автобуси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Йўл транспорт ҳодисалари оқибатида 2 нафар йўловчи тан жароҳати олган.

Дунёда нима гап?

Саудия Арабистонида баландлиги 2 километрга етадиган осмонўпар бино қурилади

Саудия Арабистони Суверен жамғармаси (PIF) подшоҳликда дунёдаги энг баланд ўсмонўпар бино — 828 метрли Бурж Ҳалифадан икки баробар баландроқ иншоотни қуриш ниятида.

Маълумотларга кўра, PIF Ар-Риёд шимолида баландлиги 2 километрга етадиган ва 18 квадрат километр майдонни эгаллайдиган бинони қуриш режасини кўриб чиқмоқда. Пудратчилар лойиҳа қийматини тахминан 5 миллиард долларга баҳоламоқда. Нашр манбаларининг маълум қилишича, ҳозирда 1 миллион доллар миқдорида гаров қўйиш эвазига тендерда иштирок этиш босқичи амалга ошириляпти.

Танловда қатнашаётган пудратчилар орасида Американинг Skidmore, Owings & Merrill, Adrian Smith & Gordon Gill Architecture, Kohn Pedersen Fox, 10Design компаниялари, Франция компанияси таркибига кирувчи Egis, Дубайнинг Killa Design компаниялари бор.

2022 йилнинг ноябрда подшоҳлик шимоли-ғарбида Mirror Line мегаполисини қуриш бошланган. У 120 километр майдонни эгаллаб, баландлиги 490 метрни ташкил этади, сиғими 5 миллион кишига мўлжалланган. Иншоот иккита ўсмонўпар бинодан иборат бўлиб, улар пиёдалар йўлаги орқали бирлаштирилади. Қиймати 1 триллион долларга багоналаётган мазкур лойиҳа ғоясини Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ал-Сауд илгари сурган.

Қирғизистонда чўчқа гриппи тарқалиши тезлашди

Қирғизистонда чўчқа гриппи билан касалланган беморлар сони 118 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг келтиришича, Бишкек, Ўш ва Тўқмоқ шаҳарларида оғир ўткир респиратор инфекциялари ва бошқа гриппга ўхшаш касалликларни эпидемиологик назорат қилиш учун ишлар амалга оширилмоқда.

Маълум қилинишича, октябрь ойидан ҳозирги кунга қадар жами текширилган намуналарнинг 48 фоизида чўчқа гриппи аниқланган.

«Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш тенденцияси мавжуд. Республикада алоҳида ҳолатлар қайд этилган бўлиб, улар энгил ва асемптоматик шаклда давом этмоқда», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Ҳозирги кунга келиб Қирғизистон бўйлаб коронавирус ва бошқа бир қатор инфекцияларнинг тарқалиши сабабли 200 дан ортиқ мактаблар карантинга ёпилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: