17:03 | 16.05.24

                       

Тошкентда Ботир Зокиров ҳайкали очилди

Тошкентда Ботир Зокиров ҳайкали очилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди (фото).

Тошкентда 16 май куни миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, санъат мухлисларини табриклади.

«Бугун ўзига хос санъат ва маданият байрами. Ушбу қувончли воқеа билан сиз, азизларни, раҳматли Ботир Зокировнинг яқинлари ва мухлисларини, бутун халқимизни самимий муборакбод этаман», — деди президент.

Ботир Зокиров 1936 йилда санъаткорлар оиласида туғилиб, вояга етган. 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. 2000 йилда «Буюк хизматлари учун» ва 2021 йилда «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари хонанданинг беназир истеъдоди ва инсоний фазилатларини эътироф этди.

Хабарда таъкидланишича, Ботир Зокиров жуда қисқа — 49 йил умр кўрган. Лекин шу йиллар давомида ўзидан ранг-баранг ва бой ижодий мерос қолдирган. Дунёнинг маданият пойтахтларида ўзбек санъатини зўр муваффақият билан намойиш этган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хонанда 1955 йилда оғир дардга чалинган ва бир неча марта жарроҳлик амалиётларини бошидан ўтказган. Шифокорлар унга қўшиқ айтишни тақиқлаганига қарамай у шу аҳволда ҳам ижоддан, куйлашдан тўхтамаган.

Ботир Зокиров шарқ фолклори ва замонавий эстрада санъатини уйғунлаштириб, «Мюзик холл» ижодий жамоасини ташкил этган, хонанда ва композитор сифатида кўплаб истеъдодли ёшларга устозлик қилган. Республикада хизмат кўрсатган «Ялла» ансамблининг ташкил топишида Ботир Зокиров хизматлари беқиёсдир.

«Бу ҳайкал Ботир Зокиров хотирасига ўрнатилган рамзий бир тимсолдир. Айни пайтда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатни равнақ топтириш йўлида олиб бораётган барча ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижалари бу улуғ ижодкорга энг муносиб ёдгорлик бўлади», — деди давлати раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: