12:12 | 11.06.24

                       

Бухорода 6 ёшли боласини муттасил калтаклаб келган аёл уч йилга қамалди

Бухорода 6 ёшли боласини муттасил калтаклаб келган аёл уч йилга қамалди. У йиллар давомида фарзандини бешикка боғлаб, уриб, қийнаб келган.

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида фарзандини муттасил калтаклаб, қийнаб келган аёлга жиноят иши қўзғатилганди. Кейинроқ Болалар омбудсмани аёлга нисбатан қўшимча айб эълон қилингани ҳақида хабар берган эди.

Болалар омбудсмани матбуот хизматининг хабарига кўра, Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди ишни мазмунан кўриб чиқиб, 2 май куни ҳукм чиқарган.

Унга кўра, С.Н. ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми, «в» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилинди. Бугунги кунда Шофиркон тумани «Инсон» ижтимоий маркази томонидан 2018 йилда туғилган С.Ф.га дастлабки тарзда васий сифатида Б.З. (аёл) тайинланиб, бола унинг қарамоғига топширилди.

Ҳозирда васийлик ва ҳомийлик органи томонидан С.Н.ни фарзандига нисбатан бўлган оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи билан боғлиқ тегишли чоралар кўрилмоқда.

«Болалар омбудсмани боланинг келгуси тақдирини белгилаш жараёнлари юзасидан ўз кузатувини давом эттирмоқда», – дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: