16:55 | 24.02.24
Акром Сулаймонов 2023 йил 26 октябрь куни Қарши туманига ҳоким қилиб ўтказилган Зоир Алиқулов ўрнига Деҳқонобод тумани ҳокими этиб тайинланганди. У 4 ой туманга раҳбарлик қилгач, лавозимидан озод этилган.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокими 24 февраль куни Акром Сулаймонов лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, халқ депутатлари Деҳқонобод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда Акром Сулаймонов туман ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимидан озод этилган.
«Азизлар, меҳнат фаолиятимда навбатдаги ўзгаришлар сабаб Деҳқонобод туманини тарк этдим. Қисқа вақт бўлсада, менга ишонч билдириб, ўз яқини, ака-укасидек кўргани учун барча фахрийларимизга, ҳамкасбларимга, айниқса, самимият ва меҳмондўстлик учун барча Деҳқонобод тумани аҳлига чин юракдан миннатдорлик билдираман.
Афсусдаман, барчангиздан узр сўрайман, ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп эди, қаердадир тугалланмаган ишларимиз қолди, ўйлайманки, янги ҳокимимиз бу ишларни давом эттиради. Менга берган амалий ёрдамингиз, қўллаб-қувватлаганингиз, умуман, ҳамма-ҳаммаси учун яна бир бор раҳмат сизларга. Яратган эгам барчангизни ўз паноҳида асрасин», — деб ёзган собиқ ҳоким Facebookʼдаги саҳифасида.
Маълумот учун, Акром Сулаймонов 2023 йил 26 октябрь куни Деҳқонобод туманига ҳокими этиб тайинланганди. Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида унинг номзоди ҳокимликка тасдиқланганди. Акром Сулаймонов бунга қадар Шаҳрисабз шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.