15:41 | 15.05.24

                       

ДХХ Фарғонада диний экстремистик оқимининг фаол аъзосини ушлади

ДХХ Фарғонада «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий» диний экстремистик оқимининг фаол аъзосини ушлади. У Ўзбекистоннинг амалдаги тузумини ўзгартиришга қаратилган маърузаларни қўллаб қувватлаган.

ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси томонидан «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий» диний экстремистик оқимининг фаол аъзоси бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди.

Маълум қилинишича, Олтиариқ туманида яшовчи Абдумутал Абдураҳимов Россияда ишлаб юрган вақтида ислом динига қизиқиши туфайли интернет орқали турли маърузаларни эшитган. Хусусан, у «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий» диний террористик ташкилоти тарафдорларининг Ўзбекистоннинг амалдаги тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қилишга қаратилган маърузаларидаги ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган видео ва аудио материалларни эшитиб, уларнинг таъсирида экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келган.

«У Telegram орқали оқим тарафдори М.А. билан алоқа қилиб, ёзишмалар олиб борган. ‘Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий’ диний экстремистик оқимига аъзо бўлиб, уларнинг китобларидан виртуал таълим олган. ‘Ҳизбий халқа’да виртуал тарзда олган диний сабоқлари натижасида диний ақидапарастликка берилиб, унинг ғояларини қўллаб-қувватлаган. Мазкур диний ташкилотга содиқлик қасамёдини қабул қилган ҳамда ойлик даромадидан аъзолик бадали тўлаб келган. Шу билан бирга ижтимоий тармоқларда диний оқимнинг ғояларини фаол тарғиб қилган», — дейди Олий суд матбуот котиби.

Олтиариқ туманига қайтиб келгач, Telegramда турли гуруҳларни ташкил қилган ҳамда ўзининг танишларининг профилларини бу гуруҳга қўшган. А. Абдураҳимов ақидапарастлик ғояларидан сабоқ бериб келган. Шунингдек, у фаолиятини давом эттириб, бир неча шахсларни ҳам гуруҳига жалб этади ҳамда диний оқимнинг материалларини тарқатган.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида А. Абдураҳимовнинг қилмишлари фош бўлди. Унинг телефонидан олинган ашёвий далиллар диний оқимнинг материаллари эканлиги тасдиғини топди. Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судининг ҳукмига кўра, у 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди», — дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: