11:01 | 21.02.24

                       

ДХХ: Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган наркотик моддалар тўхтатиб қолинди

Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган наркотик моддалар ДХХ томонидан тўхтатиб қолинди. Ҳозирда қўлга олинганларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган наркотик моддалар тўхтатиб қолди.

Маълум бўлишича, хавфсизлик хизматининг Навоий ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида Нуробод туманида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Ургут туманида яшовчи, 21 ёшли шахс Нуробод туманида истиқомат қилувчи, 40 ёшли жиноий шериги билан тил бириктириб, Тожикистондан олиб келинган 2,8 килограмм опий моддасини 40,5 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинди.

Шунингдек, хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ички ишлар органлари ходимларини жалб қилган ҳолда тезкор тадбир ўтказилган. Самарқанд–Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган «Cobalt» русумли автомашина Жомбой тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган, Ургут туманида яшовчи, 31 ва 28 ёшли 2 нафар шахснинг ёнида 1,6 килограмм опий моддаси борлиги маълум бўлди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент–Фарғона йўналишида ҳаракатланаётган «Nexia» русумли автомашина Наманган вилоятининг Поп туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилди.

Автотранспорт воситасида йўловчи сифатида кетаётган, 37 ёшли Бағдод туманида туғилган шахс автомашина ойнасидан бир дона пакетни улоқтириб юборади. Шундан сўнг ушбу пакет холислар иштирокида текшириб кўрилганда, унда 1,9 килограмм гашиш моддаси борлиги маълум бўлди. Аниқланишича, мазкур фуқаро тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган моддани олиб кетаётган бўлган. У гиёҳвандлик воситасини 8 минг АҚШ долларига сотиб олган.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Фарғона туманида яшовчи 34 ёшли муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс 770 грамм гашиш моддасини 7 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди. Терговга қадар текширув давомида Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу наркотик модданинг ҳақиқий эгаси Фарғона туманида яшовчи, 24 ёшли фуқаро эканлиги аниқланиб, у ҳам ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: