12:35 | 06.02.24
Учрашувдa чиқиндини қайта ишлаш ва ундан муқобил энергия олиш масаласи муҳокама қилинди.
5 феврал куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Tadweer(Абу-Дабининг чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги энг йирик компанияси) директори Али Ал-Дҳаҳери ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилган. Хусусан, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон муҳим аҳамият касб этишини таъкидланган. «Чиқиндиларни бошқаришни комплекс тизимини жорий этиш» лойиҳаси эса бу ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлиги қайд этилган.
«Атроф-муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланиши даражасини камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали улардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга, — деди вазир Азиз Абдуҳакимов. — Tadweer билан амалга ошириладиган лойиҳа эса бу борада кенг имкониятларни тақдим этади. Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш орқали уларнинг ҳажми камайтирилади ва кимёвий моддалар зарарсизлантирилади. Шу билан бирга, чиқиндиларни ёқиш натижасида муқобил энергия ишлаб чиқариш ва иккиламчи моддий ресурсларни ажратиб олиш имконияти яратилади».
Учрашув давомида чиқиндиларни йиғиш, мониторинг тизимини жорий этиш, «яшил» энергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган. Вазир Tadweer компанияси вакилларига амалга оширилаётган ишлар учун миннатдорлик билдирган.
Ўз навбатида Али Ал-Дҳаҳери Экология вазирлиги билан ҳамкорликдан мамнун эканлигини айтиб ўтган.
«Тез орада лойиҳанинг амалий қисмига ўтамиз. Дастлаб Навоий ва Бухоро вилоятларидаги чиқинди полигонлари ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари фаолиятини ўрганамиз, шарт-шароитларни кўздан кечирамиз. Ҳамкорлигимиз ҳар томонлама самарали бўлишидан манфаатдормиз», — деди Али Ал-Дҳаҳери.
Учрашувдан сўнг юқори мартабали меҳмон Экология вазирлиги, вазирликнинг Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси ҳамда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази билан яқиндан таништирилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: