20:59 | 20.02.24

                       

Электр энергияси ва газ таъминотидаги чекловлар давом этиши кутилмоқда

Газ босимининг камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатдаги барча метан «заправкалар» фаолиятига киритилган чекловлар давом этади.

19 февраль куни барча электр станциялар орқали жами 243,9 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 41,3 млн кубометр табиий газ, 25,6 минг тонна кўмир ҳамда 12,1 минг тонна мазут ёқилди.

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлар» акциядорлик жамияти ахборот хизмати

Туркманистон Республикасидан 20,6 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди. Республика истеъмолчиларига 236,2 млн кВт·соат электр энергияси етказиб берилди. Қишнинг совуқ кунларида газ босимининг авария оқибатида кескин тушиб кетиши ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг бир неча маротаба ошиши туфайли кеча ҳам мамлакатимиз бўйлаб куннинг тиғиз вақтларида 550 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳолат яхши томонга ўзгаргунга қадар бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши мумкин. Газ босимининг одатдагидан кўра паст эканига қарамай, 19 февраль куни унинг истеъмоли янада ортиб, 153,2 млн кубометрни ташкил қилди. 17 февраль куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол туфайли 110 кВ кучланишга эга «Л-Газли-1» ҳамда «Л-Газли-2» электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши натижасида фавқулодда тўхтаган 10 та газ ҳайдаш агрегати кеча ишга туширилди.

Ҳозирги вақтда «Л-Газли-1» тармоғининг бир қисмида электр таъминоти тўлиқ тикланди. Унинг қолган қисмида ва «Л-Газли-2» электр узатиш тармоғида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. 17 февраль куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол оқибатида мазкур тармоқлар жиддий шикастланган бўлиб, уларни таъмирлаш-тиклаш ишлари мураккаб об-ҳаво шароитларда оғир кечмоқда. Табиий газ ҳажми меъёрий схемага яқинлашяпти. Бироқ совуқ об-ҳаво туфайли газ босимининг пасайгани меъёрий схеманинг тўлиқ тикланишини кечиктирмоқда.

Магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетиши оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида яна бошқа зарур чоралар ҳам кўрилмоқда. Хусусан, газ босимининг камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги барча метан заправкалар фаолиятига киритилган чекловлар бугун ҳам давом этади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: