10:24 | 14.04.24

                       

Эрон Исроилга дронлар ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди. Асосий маълумотлар

Эрон Исроилга ўнлаб дрон ва ракеталар билан, шунингдек қанотли ракеталар билан ҳужум қилди.

Исроил армияси Эрон учувчисиз дронлар, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилгани, Исроил ҳарбийлари томонидан 200 дан ортиқ ракета ва дрон учирилгани ҳақида хабар берди. Бироқ, New York Times ўз манбаларига таянган ҳолда, Исроилга 185 та дрон, 36 та қанотли ракета ва 110 та «ер-ер» тизимидаги баллистик ракеталари учирилгани ҳақида хабар қилмоқда.

Фото: REUTERS

Исроил мудофаа армияси расмийси, контр-адмирал Даниэл Ҳагари Эрон ракеталари парчалари тушиши оқибатида мамлакат ҳарбий объектларидан бирига зарар етганини маълум қилган. Бироқ, гап қандай объект ҳақида бораётганига аниқлик киритмаган.

Эроннинг Дамашқдаги элчихонаси консуллик бўлимига ҳужум қилган жиноятига жавобан, Эрон ҳаво кучлари ўнлаб учувчисиз учоқлар ва ракеталар билан сионистик режим ҳудудларидаги аниқ нишонларга зарба берди, — дейилади давлат телеканалида расмий баёнотда.

Ҳужум бошланганидан кейин Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу фавқулодда мурожаат билан чиқиб, Исроил узоқ йиллардан буён Эрондан тўғридан-тўғри ҳужумга тайёргарлик кўргани, мудофаа тизимлари шай ҳолатда экани, шунингдек, ҳукумат «ҳам мудофаа, ҳам ҳужумга тайёр» эканини билдирган. Бош вазир халққа мамлакатни ҳар қандай таҳдиддан «хотиржамлик ва қатъийлик билан» ҳимоя қилишга ваъда берган.

АҚШ, Британия ҳамда Иордания ҳарбий кучлари Исроил чегараларидан ташқарида ўнлаб дронлар уриб туширган. Исроил ҳудудига кириб келган дронлар Исроил шимолидаги Ҳайфа ҳудудида, жанубдаги Беершеба ҳудудида, шунингдек, Голан тепаликлари ва Исроил назоратидаги Ғарбий Соҳилда уриб тушурилган.

Исроил расмийлари Эрон томонидан учирилган ракета ва учувчисиз самолётларнинг жами 99 фоизи уриб туширилгани ҳақида маълум қилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: