20:48 | 14.04.24
Мусулмон давлатлари ва яҳудий сионистлари ўртасидаги қарама-қаршиликлар асрлар давомида кучайса-кучайдики, асло сусаймади. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бу қарама-қаршиликка кўҳна Хуросоннинг бугунги эгаси бўлмиш Эрон ҳам қўшилди. Хўш, бугун жаҳон сиёсий майдонида инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ нишонига айланиб қолган Эрон ва АҚШнинг кўмагида тобора қудрати ошиб бораётган Исроил ўртасидаги можаролар қандай бошланган, ҳозирги ҳолат қай аҳволда ва айрим гигант давлатларнинг муносабати нимадан далолат бермоқда? Айни саволларга жавоб топиш мақсадида Bugun.uz бир қанча ўрганишлар олиб борди.
Pаcмий Теҳроннинг Исроил давлатига бўлган салбий муносабати 1979 йилги Эрон Ислом инқилобидан сўнг шаклланa бошлаган. 1969 йилда ал-Ақса масжидига ўт қўйилиши вазиятни кескинлаштириб юборди. «Бу ишнинг жавобгарлиги Исроил чекига тушиши керак», – деб баҳолади Форс матбуоти.
Икки давлат ўртасидаги кескинлик йиллар давомида тобига етиб борди.
Жорий йилнинг 1 апрель куни Исроил Сурияда жойлашган Эрон консуллик биносига ҳаводан ҳужум уюштирди. Сиёсий таҳлилчилар бу жавобсиз қолмаслигини тахмин қилиб турган бир пайтда, хориж оммавий ахборот воситаларида Эрон 12 апрель куни Исроилга ҳужум қилиши мумкин деган хабарлар тарқалиб, АҚШ қуролли кучларини шай ҳолатга келтирди.
Консулликка бўлган ҳужум натижасида 13 киши ҳалок бўлган. “Исроил Ф-35 қирувчи самолётлари орқали фақат консуллик биносини эмас, балки Эрон ҳарбий базалари ва вазир истиқомат қилаётган уйни ҳам нишонга олишди”, – дейилади Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Акбарий берган баёнотда. Сурия мудофаа вазирлиги Исроил ракеталарининг Эрон консуллигига ҳужуми душанба куни, маҳаллий вақт билан 17:00 да бошлаганини, мамлакат мудофаа кучлари ракеталарнинг бир қисмини уриб туширган бўлсада, ҳужумни қайтаришнинг иложи бўлмаганини маълум қилди. Телефон орқали бўлган суҳбатда Сурия Бош вазири ҳужумга баҳо берар экан, барча умумбашарий мажбуриятлар ва конвенцияларни бузиш, деб атади. Шунингдек, барча айбни Исроил ҳукуматига юклаб, бунга халқаро ҳамжамият томонидан муносиб жавоб берилиши зарурлигини таъкидлади.
Эрон давлат телевидениеси орқали берилган хабарга кўра, ҳалок бўлган фуқароларнинг етти нафари Эрон Инқилоб Гвардиясининг аъзоси, қолган 6 кишининг суриялик. Инқилоб гвардиясидан ҳалок бўлганлардан икки нафари – генерал Муҳаммад Ризо Заҳидий ҳамда генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи-Раҳимийлар борлигини очиқланди.
Эрон раҳнамоси Оятуллоҳ Хомайний телевидение орқали иброний тилда чиқиш қилиб, консулликка бўлган ҳужум, бевосита Эронга бўлган ҳужумдек қабул қилинишини, жавобгарликдан АҚШ ҳам четда қолмаслигини таъкидлади.
«АҚШ бу ҳужумнинг амалга ошишидан хабардорми ёки йўқми, тўғридан-тўғри жавобгар бўлиб қолаверади», – дейди, раҳнамо. Шунингдек, Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳужум жавобсиз қолдирилмаслигини билдирди.
Эрон Ташқи ишлари вазири Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан суҳбатда Эроннинг жавоби чекланган тарзда бўлишини маълум қилди. Мамлакатнинг БТМдаги доимий ваколатхонаси вазиятни ривожлантиришнинг мумкин бўлган ҳолатларини муҳокама қилар экан, агар БТМ Хавфсизлик кенгаши Исроил расмийларининг ҳаракатларини, хусусан, Эрон консуллигига қилинган ҳужумни қоралаганида, Теҳрон жавоб қайтаришдан бош тортган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг катта маслаҳатчиси Яҳё Раҳим Сафавийнинг айтишича, Эрон душанба кунги зарбага жавоб беришга «қонуний ҳуқуқи» борлигини маълум қилди.
Океан орти расмийлари Эрон элчихонасига бўлган ҳужумни шошилинч равишда инкор этишди. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эрон раҳнамосининг Қўшма Штатларнинг ҳам воқеага алоқаси борлиги тўғрисидаги иддаосига жавобан, уларда бу ҳужум ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаганлигини билдирилди. Шунингдек, президент Жо Байден Исроил давлати хавфсизлиги учун қўлидан келган бор имкониятдан фойдаланишини айтар экан, Эрон расмийлари таҳдидларига жиддий қараш кераклиги, яқин кунларда Исроилга ҳужум режалаштирилган бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканлигини билдирди.
Айтиш керакки, аввалроқ Байден Исроил бош вазирини Ғазодаги ўт очишни тўхтатишини, унинг бу уруш стратегиясини қўлламаслигини айтган.
Форслар томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳужум хабарлари ортидан АҚШ ҳаракатга туша бошлади. Маълумотларга кўра, АҚШ ҳарбий кучлари раҳбари генерал Майкл Курилла Исроил расмийлари билан Эрон ҳукуматининг эҳтимолий ҳужум таҳдидларини муҳокама қилишган.
Эроннинг реванши ҳақидаги хабарларни Исроил расмийлари жавобсиз қолдиришганига қарамай, улар сўнгги йилларда Эрон ва Инқилобий Гвардия томонидан молиялаштирилиб келинган Суриядаги қуролли гуруҳларга алоқадор деб ҳисобланган нишонларга юзлаб зарбалар берганини тан олиб, Дамашқ шаҳрига бўлган ҳужумда Оятуллоҳ Али Хоманаийни айблади. Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху ҳужумдан 4 кун ўтиб, хавфсизлик маҳкамаси йиғилишида Эрон таҳдидига нисбатан, форслар ва унинг иттифоқдошларига қарши мудофаа ҳамда ҳужумкорлик яхши йўлга қўйилганини, шунингдек, ким Исроилга зарар етказишни режалаштирса, Исроил уларга муносиб жавоб қайтаришини ҳам қўшимча қилди.
Мамлакат мудофаа вазирлиги матбуот котиби эса Эронни Исроил жанубидаги Элат шаҳри ҳарбий-денгиз базасига ҳужум қилишда айблади.
Исроил ташқи ишлар вазири Катз раҳнамо Оятуллоҳ Хоманаийнинг таҳдидларига нисбатан «Теҳрондан Исроил ҳудудига ҳужум қилинса, Исроил Эронга қарши ҳужум билан жавоб қайтаради», – дея жавоб қайтарди.
Сўнгги воқеалардан кейин Исроил ўз мудофаа кучларида хизмат қилаётган барча ҳарбийларнинг таътилларини тўхтатиб, ҳаво ҳужумидан ҳимоя бўлинмаларини кучайтириш мақсадида захирадаги аскарларини ҳам хизматга жалб қилди. Шу билан бирга, хавфсизлик сабабидан мамлакатнинг марказий қисмларида ГПС хизматлари ўчириб қўйилди.
Эрон 14 апрельга ўтар кечаси Исроилдаги нишонларга ўнлаб ракета ва дрон зарбаларни амалга оширгани ҳақида маълум қилди. Ҳужум Суриядаги Эрон ваколатхонасига бўлган зарба натижасида берилган қурбонлар учун қасос эканлиги айтилди. Шунингдек, Эрон расмийлари агар Исроил Эрон ҳужумига жавоб қайтарса, ёки АҚШни ҳам бу можарога қўшса, кейинги зарбалар кескин бўлишидан огоҳлантирди.
Исроил қуролли кучлари хабарига кўра, Эрон Исроил томонга 200 дан ортиқ «камикадзе» дронлар, қанотли ракеталар ва баллистик ракеталар учирган. Эроннинг огоҳлантиришларига қарамай, ҳужумни қайтаришда бевосита АҚШ ҳаво кучлари ёрдамга келганлиги айтилмоқда.
Агар Исроил томони жавоб қайтарадиган бўлса, оқибатда келиб чиқиши мумкин бўлган минтақадаги тартибсизликларнинг қайси даражагача боришини ҳеч ким олдиндан тахмин қила олмайди.
Эрон домий ваколатхонасининг БМТ бош котибига йўллаган мактубида, Эрон минтақада можаро чиқаришга уринмаяпти, аммо Исроил ҳарбий тажовузни давом эттирса, Эрон янада кучли ва қатъийроқ жавоб қайтаришини маълум қилган. Ўз навбатида, Исроилнинг БМТ даги вакили Гиланд Эрдан Эроннинг Исроилга қилган ҳужумини қаттиқ қоралашни, мамлакатни эса террорчи ташкилот деб эълон қилишини БМТ Хавфсизлик Кенгашидан сўради.
Россиянинг БМТдаги раиси биринчи ўринбосари Дмитрий Полянскийга кўра, Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятнинг кучайиши Яқин Шарқда янги кескин инқирозга олиб келиши мумкин, ҳаммаси можаро иштирокчиларининг кейинги ҳаракатларига боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев дунё давлатлари ўртасидаги кескинликларга сиёсий баҳо берар экан: «Халқаро майдонда баланс бузилди, қонун-қоидалар мутлақо ўзгарди. Ҳатто дўстим деб юрган давлатлар ўртасида ишонч йўқ бўлди, десак бу ҳам адолатдан. Эртага дунёда бу нотинчлик кўлами қаергача кенгайишини ҳеч ким билмайди», – дея таъкидлади.
Маълумот учун, бундан 4 йил олдин, 2020 йилда Қосим Сулаймоний ўлдирилганда Эрон, Исроил ва АҚШ ўртасида бугунгига ўхшаш вазият юзага келганди. Ўшанда ҳам Эроннинг АҚШ га эҳтимолий ҳужуми прогноз қилингандан сўнг Эрон ҳаводан АҚШ базаларига зарба берган. Дунё ҳамжамияти ва сиёсий экспертлар томонидан ҳужум талафотлари унчалик юқори баҳоланмаган эди.
Бир сўз билан айтганда, бугунги таҳликали замонда гегемон давлатларнинг ўзаро зиддиятлари дунё геосиёсатига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритмоқда. Бу эса, ўз навбатида, олам мувозанати бузилишига олиб келиши мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: