21:18 | 24.04.24

                       

Фанлар академияси Оролбўйидан динозавр изи топилганини тасдиқлади

Иккита экспедиция давомида 70 миллион йил аввал яшаган ҳайвонларнинг суяклари аниқланган. 

Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимига қарашли Қорақалпоқ табиий фанлар илмий тадқиқот институтининг геология лабораторияси мудири Иззет Аимбетовга кўра, Устюртда динозавр изи топилган.

Фото: ЎзА

«Ўтган йилнинг сентябрь ойида қорақалпоғистонлик олимлар билан ҳамкорлик қилиш истагида Словакиядан бир нечта палеонтолог олимлар келишди. Улар Оролбўйидаги кўплаб ҳудудларда тадқиқот олиб бориб, ноёб топилмаларни топишди. Улар орасида сувда яшайдиган динозаврнинг кичикроқ турининг суяги ҳам бор. Олимлар юртларига қайтиб кетишди ва жорий йилнинг апрель ойи бошида яна Қорақалпоғистонга келиб, тадқиқот ишларини давом эттириб, Устюртда динозавр изини топишди», — дейди мудир.

Олимнинг қайд этишича, дала тадқиқот ишлари давомида топилган динозавр боласининг суяклари кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Палеонтологларнинг айтишича, бундай ноёб суяклар ҳозирча АҚШ, Руминия, Хитой ва Қорақалпоғистонда топилган. Ушбу дала тадқиқотлари натижаси ҳақида дунёдаги нуфузли журналларга 3 та катта мақола тайёрланмоқда.

Олимга кўра, иккита экспедиция давомида 70 миллион йил аввал яшаган ҳайвонларнинг суяклари аниқланган.

«Олимлар яна кўплаб ноёб суяклар топишди. Бизда ноёб топилмаларни таҳлил қилиш имкони бўлмагани туфайли улар (чет эллик олимлар — таҳр.) топилмаларни ўрганиш учун олиб кетган», — дейди Иззет Аимбетов.

Иззет Аимбетов Қорақалпоғистонда палеонтолог олимлар йўқлиги, умуман, Ўзбекистонда бундай мутахассисларга жуда катта эҳтиёж бор, бироқ улар йўқлигига алоҳида тўхталиб ўтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: