18:13 | 27.06.24
Фарғонада гиёҳвандлик воситасини сотган 17 ёшли йигит беш йилга қамалди. Шунингдек, йигит уйида маълум миқдорда «гашиш» гиёҳвандлик воситасини сақлаб келган.
Фарғонада 17 ёшли йигит гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2024 йил 17 январь куни соат 14:00 ларда «Назорат харид» тадбири давомида 2007 йилда туғилган вояга етмаган Ш.К. Марғилон шаҳар Қўрғонтаги тор кўчасидаги яшаш хонадони олдида 6.26 грамм «гашиш» гиёҳвандлик моддасини 1 миллион сўмга сотган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган. Гиёҳвандлик моддаси ва 1 миллион сўм пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.
Шунингдек, тадбир давомида Ш.К. ўз ихтиёри билан яшаш хонадонида қонунга хилоф равишда сақлаб келаётган бир дона елим идишга солинган 6 бўлак, тўқ жигар рангли, ўзига хос ҳидли «гашиш» гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддани топширган ва ушбу модда ҳам ашёвий далил тариқасида олинган.
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида Ш.К.га оид жиноят иши кўриб чиқилиб, барча ҳолатларни чуқур ўрганиб, ишнинг ҳолатига қонуний баҳо берилди.
Суд Ш.К.га нисбатан белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо яъни 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Тайинланган жазони тарбия колонияларида ўташи белгиланди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: