15:11 | 16.04.24
Фарғонадаги музейда содир бўлган ёнғинни Бош прокуратура назоратга олди. Аввалроқ шу музейда 2,5 млрд сўмлик экспонатлар қалбакилаштирилгани, музей учун ажратилган 1,4 млрд сўмни мансабдор шахслар талон-торож қилгани аниқланган эди.
Прокуратура органлари томонидан Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида содир бўлган ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмтаи хабар берди.
Дастлабки текширувда, 2024 йил 11 апрел куни мазкур музейнинг иккинчи қаватида ёнғин келиб чиқиши оқибатида музей экспозициясида намойишга қўйилган XIX асрга оид масжид эшиги ҳамда қадимий милтиқнинг қўндоғи ёниб зарарлангани аниқланган эди.
«Ҳозирда мутахассислар иштирокида текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, натижаси юзасидан қонуний қарор қабул қилиниб, қўшимча равишда маълумот берилади», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, текширув ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.
Маълумот учун, 1985 йилда қуриб фойдаланишга топширилган музей биносида ёнғин эскирган электр симларининг қисқа туташуви ортидан келиб чиққани айтилган эди. Ёнғинда фақат 1 дона витрина ёниб, милтиқ қўндоғи ва нақшли эшик буткул ёниб кетган. Витрина ва музейнинг ёнган қисми эса таъмирланган. Рассом Гаврилов томонидан 1938 йилда чизилган, 1916 йил қўзғолони акс этган санъат асари қисман зарарланган.
Аввалроқ ушбу музейда сақланаётган умумий баҳоси 2,5 млрд сўмлик 70 та ноёб экспонатлар (улардан 56 таси ранг-тасвир асарлари) қалбакилаштирилгани, музейни капитал таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган 3,1 млрд сўм маблағнинг 1,4 млрд сўми мансабдор шахслар томонидан талон-торож қилингани аниқланган эди.
Шунингдек, музейда сақланиши лозим бўлган 1 дона ранг-тасвир ва 1 дона графика асари топилмаган. 2011 йилда музей томонидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига жами 21 номдаги ашёлар берилган. Улардан 14 номдаги ашёлар 2016-2020 йиллар давомида музейга қайтарилган, аммо қолган 7 дона ранг-тасвир асари қайтарилмаган. Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида ушбу 7 дона ранг-тасвир асарлари мавжуд эмаслиги аниқланди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.