13:50 | 03.12.23

                       

Филиппинда 7,7 магнитудали кучли зилзила юз берди – видео

Зилзила сабабли цунами хавфи эълон қилинди.

Тошкент вақти билан 2 декабр 19:37 дан 21:17 гача – икки соат ичида 22 та ер силкиниши содир бўлди, деб хабар бермоқда Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази.

Филиппиндаги зилзила манбаи Ҳинатуан шаҳридан 42 км узоқликдаги денгизда, 32 км чуқурликда қайд этилган. Сейсмологларнинг фикрича, зилзила сабабли цунами тўлқинлари Филиппин жануби, Индонезиянинг бир қисми, Палау ва Малайзияни қамраб олган. Ер силкинишлари ҳатто Балида ҳам сезилган. Қирғоқбўйи ҳудудлари аҳолиси имкон қадар тезроқ қуруқликдан эвакуация қилинган.

Зилзила кучлилиги ҳисобга олиниб, баландлиги бир метрлик цунами содир бўлиши кутилган эди. Огоҳлантириш тизими ҳам шундай хавф ҳақида огоҳлантирган. Аммо кутилганидек кучли цунами содир бўлмаган.

Филиппиндаги зилзила фонида Япониянинг Тинч океани соҳиллари учун ҳам цунами огоҳлантириши эълон қилинди, аммо кейинчалик бу огоҳлантириш бекор қилинди. Синоптиклар цунами таҳдиди бекор қилинганига қарамай, сув тошқини эҳтимоли ҳақида огоҳлантирмоқда.

Маълумот учун, Филиппинда мунтазам равишда табиий офатлар бўлиб туради. Ҳар йили оролларда 20 га яқин ҳалокатли тўфон ва бўронлар содир бўлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: