12:45 | 05.03.24

                       

Гулистон шаҳрига ҳоким тайинланди

Вилоят ҳокими Гулистон шаҳар ҳокими лавозимига Жамолиддин Ходжиманов номзодини тавсия қилди. Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг қарори билан у ҳоким этиб тайинланди.

Халқ депутатлари Гулистон шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев иштирок этди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳудуддаги аҳвол кескин танқид қилинган сессияда шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида мавжуд қатор муаммолар, йўл қўйилган камчиликлар санаб ўтилди.

Хусусан, аҳоли мурожаатларини ҳал этиш, ободонлаштириш бўйича ишлар қониқарсизлиги, шаҳар мастер режаси охирига етказилмади, экспорт масаласида аҳвол ёмон эканлиги, айниқса қурилиш ишларида ўзибиларчиликка йўл қўйилаётгани кескин танқид қилинди.

Вилоят ҳокими Гулистон шаҳар ҳокими лавозимига Жамолиддин Ходжиманов Хуснуддинович номзодини тавсия қилди. Халқ депутатлари кенгашининг қарори билан у Гулистон шаҳар ҳокими этиб тайинланди. Жамолиддин Ходжиманов 1987 йилда Сардоба туманида туғилган. Маълумоти олий. 2011 йил Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. Мутахассислиги бухгалтерия ҳисоби ва аудит.

У меҳнат фаолияти давомида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида молия ва иқтисодиёт соҳаларида турли ташкилотларда масъул вазифаларда ишлаган. Тайинловга қадар Чилонзор туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

2019 йил февралдан буён Гулистон шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган Тўлқинжон Дадабаев жорий йил февраль ойи бошларида соғлигидаги муаммолар сабаб ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилган, шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариш шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ғайрат Ботировга юкланган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: