19:41 | 27.02.24

                       

Гулистон тумани собиқ ҳокими ноқонуний ер сотилишига оид ишга алоқадор экани аниқланди

Сирдарёда 38 сотих ер майдонини тадбиркорга олиб бериш учун 300 минг доллар талаб қилган шахслар қўлга олинди. ДХХ томонидан ўтказилган текширув давомида ушбу ишга Гулистон тумани собиқ ҳокими ҳам алоқадор экани аниқланган.

Сирдарё вилояти Гулистон туманида тадбиркорга ҳокимлик захирасидаги ерни олиб бериш учун пора талаб қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, ҳозирда Гулистон тумани ҳокимияти захирасида бўлган 38 сотих ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога олиб бериш ҳамда ушбу ер майдонида кўп қаватли уй-жой қуриш учун мансабдор танишлари орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг доллар талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда улар олдиндан 50 минг доллар олган вақтларида ушланди. Терговга қадар текширув давомида ушбу ишга 2018-2021 йилларда Гулистон тумани ҳокими лавозимида ишлаган шахс ҳам алоқадор эканлиги аниқланган. Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: