12:57 | 10.01.24
Экология вазирлигида вазир ўринбосари Жусипбек Казбеков иштирокида Хитой ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш истиқболлари, шунингдек, энергия жиҳатидан тежамкор ва экологик тоза бинолар қуриш ҳамда маиший ва қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар муҳокама қилинган.
Шунингдек, ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, халқаро экологик стандартларни белгилаш, рақамлаштириш тизимини кенг жорий этиш, ХХР тажрибасини ўрганиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги механизмларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, чўл ҳудудларини ободонлаштириш, кўчат экиш бўйича фермер хўжаликларини ташкил қилиш, шаҳар тизимида инновацион технологияларни ўрнатиш ва оқава сувларни тозалаш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.
Учрашув давомида Ўзбекистонда турли соҳа ва тармоқларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилган.
Томонлар «яшил» лойиҳалар миллий таксономиясини ривожлантириш истиқболлари, Яшил жамғарма ташкил этиш, шу билан бирга, экологик тоза иқтисодий ўсишни янада ривожлантиришга қаратилган бошқа тадбирлар масалаларини кўриб чиқишган. Лойиҳаларни бошқариш самарадорлигини ошириш, шунингдек, жараёнларни янада яхшилаш учун иқлим ўзгаришини юмшатиш ва мониторинг ҳамда баҳолаш тизимлари соҳасида институционал салоҳият ортгани таъкидланган.
Учрашув якунида юқоридаги масалалар юзасидан қўшимча музокаралар ташкил этишга келишиб олинган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: