14:36 | 28.03.24

                       

Ҳукуматга мурожаатлар статистикаси керак эмасми ?

27 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Статистика агентлиги фаолиятининг сарҳисоби ва келгусидаги вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуман мавзусидан аёнки, Статистика агентлиги 2023 йилдаги фаолияти  юзасидан маълумот беришга ҳаракат қилди. Хўш, нега ҳаракат қилди деб ёзаяпмиз (бу ҳақида бироз кейин )

Статистика агентлиги барча соҳа, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ҳоказолардаги фаолияти натижасидаги динамикаларни, рақамларни ва қиёсий таҳлиллари билан шуғулланадиган ташкилот ҳисобланади.

Аслидачи…?

Статистика маълумотларига кўра, ўтган даврда бажарилган ишлар очиқ статистика маълумотлари, ахборотномалар, тўпламлар, пресс-релизлар кўринишида ҳамда оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали доимий равишда миллий ва хорижий фойдаланувчилар эътиборига етказиб келинган. Жумладан, агентлик расмий веб-сайтининг “Расмий статистика” бўлимида қатор статистика йўналишлари бўйича 498 та статистик маълумотлар тўпламлари эълон қилинган бўлиб, истаган қизиқувчи бу маълумотларни кўриши, олиши, фойдаланиши мумкин.

Аммо шунча сондаги статистик рақамларга қарамай, жисмоний ва юридик шахларнинг мурожаатларига оид статистик маълумотлар мавжуд эмаслиги бизни эътиборимизни тортди. Бу масала эътибордан четда қолаётгани ёки умуман аҳамият берилмаётганлиги сабабли мурожаатларга масъул органлар томонидан тизимли муаммоларга беписанд қараб келаётганлигини англатади. Мисол учун ўтган 2023 йилда соғлиқни сақлаш соҳасидаги норозиликлар акс этган мурожаатлар сони жами мурожаатларнинг 30 ёки 50 фоизини ташкил этганлиги ҳақидаги статистик маълумотлар юритилганида эди, ҳукумат ўша масалага жиддий эътибор қаратиб, 2024 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиб, тегишли чораларни кўрган бўларди.

Биз нега Статистика агентлиги 2023 йилдаги фаолияти  юзасидан маълумот беришга ҳаракат қилди дедик? Чунки ютуқлар ўзимизники, камчиликлар ҳам. Оммавий ахборот воситаларида сиёсий-ижтимоий жабҳалардаги муаммоларни олиб чиқиш ва бу ҳақда кенг жамоатчиликни хабардор қилиш орқали эътибордан четда қолиб кетаётган муаммоларга ечим изланса, юрт равнақ топади, соҳалар ривожланади. Шундай эмасми ?

 

Биз Статистика агентлиги масъулларига юзланиб, қуйидаги савол билан мурожаат қилдик:

Ҳар бир соҳанинг ривожланиш статистикаси бўлиши шарт. Ўзбекистон Республикасининг  “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги қонунига кўра, давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига  мурожаат қилиш муносабатлари белгиланган. Ва мурожаатлар соҳавий таалуқлилиги буйича ёзма ёки электрон руйхатга олинади.

Ўзбекистонда мурожаатлар сони тўғрисида статистика юритиладими? Масалан 2023 йилдаги умумий  мурожаатлар сони нечта бўлган ? Айнан қайси соҳаларга мурожаатлар кўп қилингани ҳақида рақамлар мавжудми ?

Саволимизга, Статистика агентлиги, Статистика ишларини ташкил этиш ва методология бошқармаси бошлиғи Дилшод Зокиров шундай жавоб берди:

-Бу маъмурий маълумотлар тоифасига киради қонунчиликка асосан. Мурожаатларга жавоб берадиган орган ҳақида аниқ айтолмайман. Олдин Президент қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси бўларди. Уларни ўзини ички идоравий ахборот тизими орқали мурожаатлар статистикасини юритиш имкони бор, менимча. Бошқа вазирлик идораларнинг ахборот тизимига келиб тушган мурожаатлари бўйича умумлашган статистик маълумотлар ҳеч бир ваколатли органда бўлмаса керак. Статистика агентлигида бундай турдаги маълумотлар юритилмайди .

Жавоб бизни ҳайратлантирди, тўғриси. Қабулхоналар олдин бўларди эмас, ҳозир ҳам бор. Уларда албатта қабулхонанинг ўзига тушган маълумотлар бўлиши табиий. Аммо саволда Ўзбекистонда деган сўзга урғу берилди. Биз биламизки, ҳар бир идорада ижро интизоми билан ишловчи масъул ходим бор. Ҳар бир идорада мурожаатлар билан ишлаш дафтарлари, ҳужжатлари юритилади. Улар ҳар чоракда ёки йил сўнггида қилинган мурожаатлар ҳисоботини ўзидан юқори турувчи органга тақдим этади. Демакки, бу ҳисоботларни умумлаштирувчи  масъул бор. Хўш, йиғилган шу маълумотлар шунчаки архивга топшириб юбориш учун йиғилмайдику. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг муаммо ва ташвишлари бор. Аҳолининг мурожаатлари статистикасини юритишдан мақсад, айнан кўп тилга олинаётган муаммоларга ечим топиш ва тизимли равишда энг кўп шикоят  қилинган бир тоифадаги мурожаатларга жиддий эътибор беришни талаб қилади.

Агар шу мурожаатлар бўйича ҳисоботлар статистикаси агентликда йиғилса, ҳар бир тизим ўзидаги камчиликни, хатони кўриб олмасмиди?  Тизимли муаммолар ҳал этилиб, ўша соҳа бўйича мурожаатлар камайишига эришиш мумкин эмасми?.

Бинобарин, Республикада мурожаатлар статистикасини юритиш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларнинг ҳам иши енгиллашартиради. Шунингдек ҳукумат айнан қайси соҳалардаги тизимли муаммолар авж олганига эътибор қаратиб, ўзининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартириш киритиши мумкин бўлар эди.

Жамоатчилик фикри, инсон қадри муҳим ҳисобланган жамиятда бу каби таклифлар эътиборсиз қолмайди деб ўйлаймиз.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: