13:59 | 04.11.23

                       

Ҳиндистон ва Непал чегарасида 6,4 балли зилзила содир бўлди

Табиий офат оқибатида 128 киши ҳалок бўлган.

Кеча, 3 ноябр куни кечқурун Непалнинг Жажаркот ҳудудида 6,4 балли силкиниш кузатилди. Reuters’га кўра, ер қимирлаши оқибатида 128 киши ҳалок бўлган, яна ўнлаб одамлар жароҳатланган.

Фото: Hindustan Times

Германия геология тадқиқот маркази зилзила кучини 5,7 баллга баҳолаган бўлса, АҚШ геология хизмати 5,6 балл, дея қайд этган.

Фото: Hinidustan Times

Мазкур ер силкиниши мамлакатда 2015 йилда бери энг ҳалокатлиси бўлди. Ўшанда Ҳимолай тоғларида содир бўлган икки зилзилада 9 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган эди. Шунингдек, зилзила оқибатида бутун шаҳар, тарихий обидалар ва кўп асрлик ибодатхона вайронага айланган, миллионлаб уйлар қулаган ҳамда 6 миллиард долларлик зарар етган эди.

Кеча содир бўлган силкиниш пойтахт Катмандудан 500 километр ғарбда жойлашган бўлиб, унда ҳам зилзила кучи сезилган. Бундан ташқари, силкиниш қўшни Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳрига ҳам таъсир қилган.

Фото: Hindustan Times

190 минг киши истиқомат қилувчи Жажаркот тумани аҳолисининг аксар қисми чекка адирларда жойлашгани учун улар билан алоқа узилиб қолган. Мамлакат расмийлари, шу сабабли, қурбонлар сони янада ортиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Непал бош вазири Пушма Камал Даҳал бугун, 4 ноябр куни эрта тонгда 16 кишилик армия тиббий гуруҳи билан қидирув, қутқарув ва ёрдам ишларини назорат қилиш учун ҳодиса ҳудудига етиб борган.

Фото: Hindustan Times

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: