18:20 | 13.04.24

                       

Иқлим ўзгариши муаммосига ечим топилди

Дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган аномал об-ҳаво ноқулайликлари, аянчли талафотлар, қурғоқчилик ҳайвонот дунёси ва инсониятни жиддий хавф остида қолдирмоқда. Ҳаво ҳароратининг йилдан-йилга кўтарилиб бориши дунёнинг турли бурчакларида ҳар хил табиий офатлар келиб чиқишига сабаб бўляпти. Ҳаво салқинлиги мўътадил ҳисобланган Италия, Испания, Франция, Россия ва Туркиянинг Европага туташ жанубий-ғарбий қисмларида кузатилаётган ҳароратнинг кўтарилиши ўрмон ёнғинларини келтириб чиқаришни бошлади.

Бугунги глобализация жараёнларида иқлим инжиқлари курраи замин аҳли бош қотириши керак бўлган энг оғриқли нуқта бўлиб қолмоқда. Дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган аномал об-ҳаво ноқулайликлари, аянчли талафотлар, қурғоқчилик ҳайвонот дунёси ва инсониятни жиддий хавф остида қолдирмоқда.

Бутун дунё бўйлаб йирик саноат корхоналари, улкан чиқиндихоналар ва автомобиллар очиқ ҳавога энг кўп карбонат ангидрид (CО2) чиқишига сабаб бўлмоқда. Дунё иқлимшунос олимлари бу муаммога ягона ечим йўқлигини, шунингдек, барча саъй-ҳаракатлар нисбий тус олаётганлигини, бунга ечим ўлароқ дарахтларни кўпайтириш, яйловларни кенгайтириш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг исроф бўлишини олдини олишга аҳамият қаратиш кераклигини маслаҳат беришмоқда.

Авваллари Европа ва Осиё иқлими солиштирилганда, Европа мамлакатларидаги об-ҳаво нисбатан салқинлиги эътироф этилар эди. Бугун ҳар икки қитъа аҳолиси ҳам бирдай иссиқ ҳаводан азият чекмоқда. Ер ўтган даврларга қараганда тез исиб бораётганини оддий инсонлар ҳам таъкидлашмоқда.

Иқлим ўзгариши зарарлари

Ҳаво ҳароратининг йилдан-йилга кўтарилиб бориши дунёнинг турли бурчакларида ҳар хил табиий офатлар келиб чиқишига сабаб бўляпти. Ҳаво салқинлиги мўътадил ҳисобланган Италия, Испания, Франция, Россия ва Туркиянинг Европага туташ жанубий-ғарбий қисмларида кузатилаётган ҳароратнинг кўтарилиши ўрмон ёнғинларини келтириб чиқаришни бошлади.

Шунингдек, иссиқ ҳаво таъсирида Шимолий қутб музликлари ҳам секин-асталик билан эриб боряпти. Океанлар сатҳи эса йилдан-йилда кўтарилишдан тўхтаётгани йўқ. Натижада турли ўлкаларда сув тошқинлари сони кўпайиб боряпти. Хусусан, бу каби ҳолатлар Ҳиндистон ҳудудида сезилари ошди. Офатлар инсонлар умрига зомин бўлмоқда. Тадқиқотларга кўра, табиий офатлар ҳар йили 68 минг нафардан ортиқ одамни бу ҳаётдан олиб кетади, 218 миллион нафар кишининг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади.

Ҳаво ҳарорати исиб боришининг асосий сабаби нима?

Ердаги ҳарорат, шамол ва ёғингарчилик даражаси ўзгариб боришига иқлим ўзгариши дейилади. Бу асли табиий жараёндир. Лекин охирги йилларда инсон омили бу жараён тезлигини сезиларли даражада оширди.

Қуёшдан келган иссиқ нурнинг маълум қисмини Ер атмосфера орқали коинотга қайтариб юборади. Замонавий дунёда саноат корхоналари, автомобиллар чиқараётган зарарли газлар, шунингдек, дунё бўйлаб дарахтларнинг ҳаддан ортиқ кўп кесилиши натижасида ифлосланган ҳаво сўрилиб кетмай, ҳавода тўпланиб қолади. Бу моддаларнинг катта қисмини карбонат ангидрид (CО2) ҳосил қилади. Йиғилиб қолган газлар натижасида қуёш нурининг коинотга чиқиб кетиши керак бўлган қисми ерда сақланиб қолади. Бу эса ҳароратни меъёридан ортиқ исишига олиб келади. Бу усулни олимлар “иссиқхона эффекти” деб атайди. Оқибатда сайёрадаги иссиқлик баланси бузилиб, қурғоқчилик, тупроқ намлигининг камлиги ва ҳавонинг кескин ифлосланишига олиб келади.

Иқлим ўзгариши Ўзбекистонга қандай таъсири қилмоқда

Ҳарорат кўтарилиши мамлакат ҳудудидаги сувларнинг буғланишига олиб келмоқда ва жойларда сувга бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Орол денгизининг буткул қуриб қолган ҳудудлари ҳавосидаги туз ва чанг миқдори кўпайиши фонида Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида сувга талаб йилдан йилга ошиб бормоқда.

Бундан ташқари, мамлакатда ёғингарчилик мавсумлари даври камайганини ҳам кузатиш мумкин. Қиш ва ёз фаслларининг мос равишда аномал совиб ва исиб кетиши ҳолатлари кўпайишининг натижасида мамлакат аграр саноати фалажланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш муаммолар исканжасида қолмоқда.

Қиш қишлигини қилиб, газсиз ёки газ билан тўла таъминланмаган ҳудудларимиз аҳолисига бир қанча ноқулайликлар туғдирмоқда. Натижада, қўлбола иситиш воситаларидан нотўғри фойдаланаётган оилаларда ис газидан ўлимлар сони ортиб кетди.

Муаммонинг ечими борми?

Канаданинг Carbon Engineering компанияси бу борада катта ютуқларга эришиш мумкинлигини ваъда бермоқда. Компания 2005 йилдан буён атмосферани заҳарли газлардан тозалаш устида иш олиб боради. 2015 йилда Суқамишда ҳаводаги карбонат ангидрид (CО2)ни тўғридан-тўғри сўриб оладиган ускуналардан иборат завод яратди. 2024 йилда Прем ҳавзасида ҳам шундай завод қурилиши режалаштирилган. Механизмнинг асосий вазифаси атмосферада тўпланган газларни ютиб, ер остига қайта жойлашдан иборат. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши режа бўйича давом этса, 2050 йилга келиб зарарли газларни ютувчи қурилмалар глобал иқлим ўзгаришининг олдини олишда асосий ва муҳим қурол бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, компания заводларда йиғилган карбонат ангидрид ер остида жойланиши ёки қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда углеродсиз ёқилғига айлантирилиши мумкинлигига ишонмоқда. Агар ҳақиқатда шу натижага эришилса, автомобиль ва саноат корхоналаридан чиқадиган газлар кўлами сезиларли камаяди. Бунинг натижасида иқлим ўзгариши тезлиги мўтадиллашади.

Ҳар ҳолда инсоният шунга эришиши, авлодларига улар нафас олишлари учун тоза ҳаво қолдириши зарур ва шарт.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: