19:00 | 10.04.24

                       

Иқтисодий санкциялар, Дипломатия инқирозидир

Сўнгги йилларда турли хабарлар орқали “санкция” истилоҳига тез-тез кўзимиз тушяпти. Хўш, санкция нима? Санкция сабаб қандай иқтисодий ўзгаришлар бўлиши мумкин?

Санкция, асосан, бир мамлакатнинг бошқа давлатга, аниқ одамларга ёки компанияларга қўядиган тақиқлари демакдир. Аммо бу санкция турларидан бири бўлиб, кенгроқ қамровда, хусусан, муайян шахс, компания, саноат ёки мамлакатга нисбатан ҳам мазкур атама қўлланилиши мумкин. Яна ҳам аниқроғи — санкция шартномалар ёки меҳнат қоидаларига риоя қилмаслик учун жазодир.

Коллаж: Bugun.uz

Санкциялар (номланишидан фарқли ўлароқ) жазо ёки жавобгарлик чораси эмас, балки бир давлат бошқа суверен давлатнинг ҳаракатларига муносабатини кўрсатиш, шунингдек, унинг хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбур қилиш учун киритадиган чекловчи чоралардир.

Шу маънода санкциялар ҳуқуқий институт бўлибгина қолмай, суверен давлатнинг сиёсий қарори ҳамдир.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали директор ўринбосари Фарход Ахроровга кўра, иқтисодий санкциялар замонавий халқаро дипломатиянинг муҳим таркибий қисми бўлиб, ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар томонидан мақсадли мамлакатлар, юридик шахслар ёки шахсларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир қилиш учун қўлланилади. Ушбу чоралар аниқ сиёсий, иқтисодий ёки хавфсизлик мақсадларига эришиш учун савдо, молиявий оперaциялар ва инвестициялар каби иқтисодий фаолиятни чеклаш ёки тақиқлашни ўз ичига олади.

Иқтисодий санкцияларнинг 5 тури бор, – дейди Фарход Ахроров.

Биринчиси, савдо эмбарголари: савдо эмбарголари мақсадли мамлакат билан савдони тўлиқ тақиқлашни ўз ичига олади. Бу товарлар ва хизматлар импорти ва экспортига чекловларни ўз ичига олади.

Иккинчиси, молиявий санкциялар: молиявий санкциялар мамлакатнинг жаҳон молия тизимига киришига қаратилган. Улар активларни музлатиш, халқаро банкларга киришни чеклаш ва молиявий оперaцияларни тақиқлашни ўз ичига олиши мумкин.

Учинчиси, саёҳатни тақиқлаш ва активларни музлатиш: бу санкциялар кўпинча халқаро тинчлик ва хавфсизликка зарар етказувчи фаолиятда иштирок этган жисмоний ёки юридик шахсларга қаратилган бўлиб, саёҳат тақиқлари уларнинг айрим мамлакатларга кириш имкониятларини чеклайди, активларни музлатиш эса молиявий активларини блоклайди.

Тўртинчиси, қурол эмбарголари: қурол эмбарголари қурол ва ҳарбий техникани маълум бир давлат ёки ташкилотга сотиш, узатиш ёхуд етказиб беришни чеклайди.

Бешинчиси, соҳавий санкциялар: бу санкциялар мақсадли иқтисодиётнинг ўзига хос тармоқларига, масалан, энергетика, технология ёки молия каби муҳим тармоқларни бузиш мақсадида қаратилган.

Албатта, иқтисодий санкциялардан кўзланган мақсад бўлади. Булар қуйидагилар:

  1. Дипломатия ва низоларни ҳал қилиш: Иқтисодий санкциялар кўпинча мамлакатнинг ўз хатти-ҳаракати ёки сиёсатини ўзгартиришга ишонтириш воситаси сифатида ишлатилади. Улар ҳукуматнинг музокараларга босим ўтказиши ёки низоларни тинч йўл билан ҳал қилиши учун дипломатик восита бўлиб хизмат қилади.
  2. Ядро қуролларини тарқатмаслик ва хавфсизлик: Ядро қуроллари ёки бошқа оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш учун санкциялар қўлланилиши мумкин. Масалан, Эрон ядровий дастурини чеклаш мақсадида санкцияларга дуч келди.
  3. Инсон ҳуқуқлари ва демократияни тарғиб қилиш: Айрим санкциялар инсон ҳуқуқларининг бузилишига жавобан ёки демократик ислоҳотларни илгари суриш мақсадида қўлланилади. Мазкур чора-тадбирлар асосий ҳуқуқ ва эркинликларга ҳурматни рағбатлантиришга қаратилган.
  4. Терроризмга қарши кураш: Иқтисодий санкциялар террорчилик фаолияти билан боғлиқ бўлган юридик ва жисмоний шахсларга, уларнинг молиявий тармоқлари ҳамда молиялаштириш манбаларини бузишга қаратилган бўлиши мумкин.

Қийинчиликлар ва тортишувлар

Иқтисодий санкциялар дипломатиянинг кучли қуроли. Бироқ, шунга қарамай, улар тортишувлар ва қийинчиликлардан холи эмас. Жумладан:

  1. Кўзда тутилмаган оқибатлар: Санкциялар тинч аҳолига зарар етказиши, гуманитар инқирозларни кучайтириши ва кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Кўпинча бегуноҳ одамлар иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечиришади.
  2. Қочиш ва эрозия: Санкцияларни ноқонуний савдо ва молиявий тармоқлар орқали четлаб ўтиш мумкин, бу уларнинг самарадорлигини чеклайди. Вақт ўтиши билан, уларнинг таъсири мақсадлар мослашиши билан пасайиб кетиши мумкин.
  3. Халқаро ҳамкорлик: Санкциялар мамлакатлар коалицияси томонидан биргаликда амалга оширилганда энг самарали ҳисобланади. Бундай ҳамкорликка эришиш ва уни сақлаб қолиш имконияти жуда паст бўлиши мумкин.
  4. Давомийлик ва чиқиш стратегиялари: Узоқ муддатли санкциялар ўзаро низоларни давом эттириши эҳтимоли катта ва чиқиш стратегиялари кўпинча нотўғри белгиланиши натижасида санкцияларнинг узоқ муддатли таъсири ҳақида саволлар келиб чиқади.

«Ўзбекистонга нисбатан ҳам санкциялар қўлланилганми ва нима сабабдан?», –  қабилида савол туғилиши табиий, албатта.

Ҳа, Ўзбекистонга ҳам санкциялар киритилган ва йиллар давомида амалда бўлган. Бунинг асосий сабаблари мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш, дея фикр юритади иқтисодий таҳлилчилар.

Шунингдек, 2005 йил ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қурол-яроғ етказиб бериш эмбаргосидан ташқари, Андижон воқеалари чоғида «номутаносиб» қурол қўллангани учун масъул бўлган бир қатор ўзбек расмийларининг Европа давлатларига ташрифини тақиқлаган эди.

2015 йилдан бошлаб санкциялар ечилиши бошланган ва бугунги кунда бу иқтисодиётимиздаги ўзгаришларда яққол ўз аксини топмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонга қарши санкциялар мавжудми?

АҚШнинг 1974 йилдаги Савдо тўғрисидаги қонунига конгрессменлар Генри Жексон ва Чарлз Веник таклифи билан АҚШ «Савдо тўғрисида»ги қонунига киритилган ўзгартириш «Жексон-Веник тузатиши»  мавжуд бўлиб, унга кўра, эмиграцияга оид ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб келаётган асосан коммунистик блок давлатларига нисбатан дискриминацион тариф ва божлар жорий этилган.

Ушбу тузатма расман тўлиқ бекор қилинмаган ва ҳозирда қатор давлатлар, жумладан, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга нисбатан сақланиб қолинмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон «Жексон-Веник тузатиши»дан чиқиб кетиш ҳаракатларини бошлаган.

Россия—Украина ўртасидаги уруш Марказий Осиё мамлакатларига ҳам таъсир этмай қолмади.

Жорий йилнинг февраль ойида АҚШ Молия вазирлигининг (OFAS) Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Polarstar Logistiss компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини санкциялар рўйхатига киритган. Бу ҳақда бошқарма сайтида хабар берилган. Унга кўра, Ўзбекистон билан биргаликда Қозоғистон ҳамда Қирғизистон компаниялари ҳам бор.

АҚШ санкциялари рўйхатига Марказий Осиё компанияларининг киритилиши биринчи марта эмас. Аввалроқ Қўшма Штатлар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон корхоналарига Россия Федерaциясига санкцияланган товарларни етказиб бериш бўйича чекловлар жорий қилган эди.

Эрон

Санкциялар таъсирида иқтисодий қийинчиликларга дуч келган мамлакатлардан бири бу Эрондир. Эронда ишлаб чиқилаётган ракета ва ядро дастурлари сабаб бу давлатга қарши турли мамлакатлар ҳукуматлари томонидан иқтисодий санкциялар тизими жорий қилинган. Мазкур санкциялар 1950 йиллардан бошланган.

1950 йилларнинг бошларида Британиянинг Эрон нефть маҳсулотларини бойкот қилиши Британия ҳукуматига қарашли Англо-Эрон нефть компаниясининг миллийлаштирилишига жавоб бўлган. АҚШ ҳукумати бу бойкотни қўллаб-қувватлаган.

1980 йилда эса Ироқ армияси Эронга бостириб кирганидан сўнг АҚШ ҳукумати Эронга қарши санкцияларни кучайтирган. 1984 йилда киритилган санкциялар халқаро молиявий ташкилотларнинг Эронга кредит беришини ва барча мамлакатларга қурол сотиш ҳамда Эронга ҳар қандай ёрдамни тақиқлашни ўз ичига олган эди.

Узоқ йиллар давом этган санкциялар сабаб Эрон ядро дастури бўйича ён босди. Натижада, 2016 йилда АҚШ ҳукумати 59 нафар жисмоний шахс (Эрон ва бошқа давлатлар фуқаролари), 385 та корхона, 77 та самолёт ва 227 та кема (шу жумладан, нефть танкерлари) санкциялардан озод этилганлигини эълон қилди.

Russiancouncil томонидан бугунги кунда қайси давлатлар, ташкилотлар ва бирлашмалар Ироққа қарши санкциялар киритгани ҳақида эълон қилинган.

Шимолий Корея

Шимолий Кореяга қарши биринчи санкциялар 2006 йилда Шимолий Корея ядро қуролининг биринчи муваффақиятли синовидан сўнг жорий қилинган. «БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1718-сонли резолюцияси»да Шимолий Корея раҳбариятидан ядровий синовларнинг олдини олишни ва Шимолий Кореяга стандарт ҳарбий жиҳозлар экспорт қилинишини, шунингдек, товарлар нархининг олдини олишни талаб қилинган.

Санкция режимига риоя этилишини назорат қилиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Шимолий Кореяга қарши санкциялар қўмитаси тузилган.

2009 йилда Шимолий Корея ўзининг иккинчи ядровий синовини ўтказган бўлса, 2013 йил март ойида Шимолий Кореянинг учинчи атом бомбаси синовдан ўтказилди. Натижада, БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2094-сонли резолюцияни қабул қилди. Унга кўра, халқаро молия тизимидан Шимолий Кореяга келадиган пул ўтказмаларига нисбатан санкциялар жорий қилди.

Бугунги кунда АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Шимолий Корея билан боғлиқ бир қанча санкция дастурларини қўллаб-қувватлайди, бир қатор жисмоний шахсларнинг молиявий операциялари ва активларини назорат қилади.

Жанубий Корея 2010 йилдан, Япония 2016 йилдан, Австрия 2017 йилдан, Европа иттифоқи эса 2006 йилдан буён Шимолий Кореяга бир қанча санкциялар эълон қилган.

Россия

2022 йилда рус қўшинларининг Украинага бостириб кириши муносабати билан давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан Россияга нисбатан қўлланилган санкциялар сиёсий ва иқтисодий чекловчи чоралар эди. Лекин бу санкцияларни 2014 йилда жорий этилган санкция ва бойкот билан адаштирмаслик керак.

2022 йилда АҚШ президенти Жо Байден Россия—Украина уруши Россияга қарши қўлланилган кескин санкцияларнинг муқобили – Учинчи жаҳон урушининг бошланиши бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган эди.

Castellum.ai санкциялар чекловларини кузатиш бўйича глобал маълумотлар базасига кўра, 2022 йилнинг 7 мартига келиб Россия санкциялар сони бўйича Эронни ортда қолдириб, жаҳонда етакчига айланди. 22 март ҳолатига кўра, санкциялар остидаги Россия жисмоний ва юридик шахслари сони 7116 нафарга етди.

Бунга жавобан Россия Федерацияси санкция қўллаган давлатларга қарши жавоб санкцияларини қабул қилган. 2024 йил 23 февральда Европа Иттифоқи навбатдаги, ўн учинчи санкциялар пакетини қабул қилди. Чекловлар эълон қилинган кундан кейинги кун, яъни 24 февраль куни кучга кирган.

Унга кўра, бир қанча жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан чеклов қўйилди. Шу билан бирга, Россияга олиб чиқиш тақиқланган товарлар рўйхати кенгайтирилди.

Лекин, иқтисодий санкцияларнинг бу каби механизмлари фақат иқтисодиёти заиф бўлган давлатларга нисбатан самарали бўлади, деган қарашлар тарихда бир неча бор ўз исботини топган. Россия ва Украина уруши ортидан Россияга жорий этилган санкцияларга қарамай, давлат иқтисодий жиҳатдан анча барқарор эканини кўриш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодий санкциялар халқаро дипломатиянинг турли сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик мақсадларига эришиш учун фойдаланиладиган кўп қиррали воситасидир. Уларни қўллаш мўлжалланган мақсадларни, мумкин бўлган оқибатларни ва исталган натижаларга эришиш учун халқаро ҳамкорлик зарурлигини диққат билан кўриб чиқиш ва таҳлил қилишни талаб қилади. Глобал динамика ривожланишда давом этар экан, халқаро муносабатларни шакллантиришда иқтисодий санкцияларнинг роли ва самарадорлиги ҳам ошади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: