16:21 | 25.10.23

                       

Исроил БМТ бош котибининг зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилди

Аввалроқ Антониу Гутерриш ҲАМАСнинг ҳужуми ўз-ўзидан содир бўлмаганини айтганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ўз-ўзидан содир бўлмаганини тан олиш лозимлигини таъкидлади. Бунга жавобан, Исроил расмийлари ўзларининг кескин норозилигини билдирди. Жумладан, мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Гутерришни БМТга раҳбарлик қилишга нолойиқликда айблади.

Фото: AP

«Аёллар, болалар ва қарияларнинг оммавий ўлдирилиши кампаниясига ҳамдардлик билдирадиган бош котиб БМТга раҳбарлик қилишга лойиқ эмас. Мен уни зудлик билан истеъфога чиқишга чақираман. Исроил фуқаролари ва яҳудий халқига нисбатан қилинган энг даҳшатли ваҳшийликларга раҳм-шафқат кўрсатадиганлар билан гаплашишнинг ҳеч қандай асоси ва маъноси йўқ. Шунчаки, бошқа сўз йўқ», деб ёзади у.

Бундан ташқари, Исроил БМТ вакилларига мамлакатга кириш учун виза беришни ҳам тўхтатди. Жумладан, БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффицга Исроилга киришга рухсат берилмаган.

Гутерриш кейинроқ юқоридаги баёнотини бироз юмшатишга уриниб, ўзининг Х саҳифасида «Фаластин халқининг норозилиги ҲАМАСнинг даҳшатли ҳужумини оқлай олмайди. Бу ҳужумлар Фаластин халқининг умумий жазоланишини оқламайди», деб ёзган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: