21:02 | 03.11.23

                       

Исроил-Фаластин можаросидаги томонлардан қайси бири ижтимоий тармоқларда кўпроқ қўллаб-қувватланаётгани аниқланди

7 октябрдан буён Instagram, X ва YouTube саҳифаларига жойланган постлар таҳлил қилинди.

2023 йилнинг 7 октябр куни ҲАМАС томонидан Исроилнинг бир нечта шаҳарларига зарба берилганидан сўнг Фаластин-Исроил можароси яна авж олди. Айни пайтга келиб иккала томондан ҳам минглаб одамлар қурбон бўлган. Айниқса, Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони анчайин катта.

Ушбу воқеалар бутун дунёда одамларни урушни тўхтатиш учун намойишларга чиқишга, турли ижтимоий акциялар ўтказишга ундамоқда. Шунингдек, бундай ҳаракатлар ижтимоий тармоқларга ҳам кўчган. The Economist нашри сунъий интеллект ёрдамида тадқиқот олиб борувчи DMR компанияси билан ҳамкорликда 7 октябрдан 23 октябрга қадар ижтимоий тармоқларда Исроил-Фаластин можаросидаги қайси томон кўпроқ қўллаб-қувватланаётганини аниқлади.

Бунинг учун Instagram, X (собиқ Twitter) ва YouTube платформаларида инглиз тилида жойланган ҳамда Фаластин ва Исроил тарафдорлари томонидан фойдаланилаётган ҳештеглар рўйхати тузилган. Олинган маълумотларга асосланиб, Фаластин ва Исроил тарафдорлари томонидан жойланган постлар ҳисоблаб чиқилган.

Унга кўра, ҲАМАС томонидан Исроил шаҳарларига ҳужумлар уюштирилган 7 октябр куни иккала томон деярли тенг миқдорда қўллаб-қувватланган. Аммо 19 октябрга келиб, Фаластин тарафдорларининг постлари сони Исроилникидан 3,9 бараварга ошиб кетган. Маълумот учун, 18 октябр куни Ғазо секторидаги шифохонага зарба берилиши оқибатида 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Аксар давлатлар бунда Исроил ҳарбийларини айблаган бўлса, мамлакат бош вазири Бенямин Нетаняху шифохонага «Исломий жиҳод» гуруҳи аъзоларининг носоз ракетаси келиб урилганини таъкидлаган. Жаҳон ҳамжамияти, хусусан, Ўзбекистон ҳам касалхонага берилган зарбани қоралаган.

Таъкидланишича, интернетдаги сўровларда Фаластин тарафдорлари бир неча баравар кўпроқ, аммо, умумий сўровлар бунинг аксини кўрсатади. Масалан, YouGov компанияси 20 октябр куни ўтказган сўровда АҚШда Фаластинни қўлловчи бир кишига уч нафар Исроил тарафдори тўғри келиши маълум бўлган. Шунга қарамай, ижтимоий тармоқда ўтказилган сўровда америкаликлар орасида фаластинни қўлловчилар Исроилникидан икки баравар кўпроқлиги аниқланган.

Буюк Британияда эса YouGov ўтказган умумий сўровда 20 октябр куни Исроил ва Фаластин тарафдорлари сони тахминан тенг бўлган. Шу куни DMR ижтимоий тармоқда ўтказган сўровда эса Фаластинни қўлловчилар олти баравар кўпроқ бўлиб чиққан.

Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровларда Фаластин тарафдорлари кўпроқ эканига асосий сабаб сифатида мессенжерлардан асосан ёшлар фойдаланиши ва улар «ноодатий тарзда Фаластинни қўллаши» таъкидланган. DMR ўтказган сўровда Facebook фойдаланувчиларининг ҳештеглари ҳисобга олинмаган бўлиб, ушбу платформадан асосан ёши каттароқ қатлам фойдалангани учун унда Исроил тарафдорлари кўпроқ бўлиши мумкинлиги айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: