20:22 | 28.10.23

                       

Исроилнинг Ғазо қуруқликларидаги урушида АҚШнинг беш минг аскари иштирок этди

22 кундан бери давом этаётган Исроил-Фаластин можароларида Ғазо энг кучли бомбардимонга учради.

Кеча, 27 октябр куни кечқурун Ғазо сектори уруш бошлангандан бери энг кучли бомбардимонга учради. Исроил армияси шу куни Бурайж, Байт Ханун, Байт-Лахия ва Хон шимолидаги бир қанча ҳудудлардан Ғазо секторига киришга уринган.

Исроил армиясининг бу ҳудудларга юришидан асосий мақсад урушнинг кейинги босқичини бошлашдан олдин Ғазо секторини икки ёки уч қисмга бўлиш ва Фаластин қаршилик кучлари ўртасидаги алоқани узиш бўлган. Чет эл нашрлари «сионистик режим» дея ёзаётган бу усул 2014 йилда амалда қўлланган ва муваффақиятсиз якун топган.

Хориж манбаларининг маълум қилишича, Исроилнинг Ғазо секторига қарши қуруқликдаги ҳужумида АҚШнинг учта бўлинма ва бир нечта бригадаси, жами беш мингга яқин ҳарбий кучлари иштирок этган.

Маълумот учун, сионизм бу— яҳудийларни Фаластинга келишини рағбатлантириш ва у ерда яҳудийлар давлатини тузиш орқали уларнинг ўз-ўзини англашини тиклашга қаратилган мафкура бўлиб, ХIХ аср охирида вужудга келган. Бу мафкура 1948 йилдан кейин Исроилни дунё миқёсида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. У социалистик ва либерал оқимлардан тортиб, то шовинистик руҳда бўлган бир қанча оқимларни ўз ичига олади. Сионистик ташкилотлар 60 дан ортиқ мамлакатда иш олиб боради. Уларнинг етакчи ташкилоти 1897 йилда тузилган «Жаҳон сионистлар ташкилоти» бўлиб, қароргоҳи Исроил ва АҚШда жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҲАМАСнинг ҳужуми ўз-ўзидан содир бўлмаганини айтганди. Исроил эса Гутерришнинг зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилганди. Сал ўтиб, БМТ Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюция лойиҳасини қабул қилганда, АҚШ ва Исроил бунга қарши чиқди.

Шу йилнинг 7 октябр кунидан бери Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумларида камида 7 минг 326 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: