17:40 | 17.12.23

                       

Исроилнинг Ғазога бостириб кирганига 72 кун тўлди

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалок бўлганлар ҳамда қамалда қолаётган ҳомиладор аёллар сонини маълум қилди.

Исроил-ҲАМАС можаролари бошланганидан бери ҳалок бўлган фаластинликлар 17 декабр ҳолатига кўра, 19 мингдан ортиқ кишини ташкил қилмоқда. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, қурбонларнинг аниқ сони 19 минг 88 кишини ташкил қилган.

Ҳалок бўлганларнинг 70 фоизга яқини аёллар ва ўсмирлардан иборатдир. 8 мингдан ортиқ қурбонлар — болалардир. Ғазо секторида ярадор ва шикастланганлар ҳамда касалларга ёрдам бериш учун сектордаги мавжуд 36 шифохонадан 11 таси қисман ишламоқда.

«Айни пайтда Исроил кучлари Дараж маҳалласидаги Саҳаба ва Ярмук туманларида жойлашган. Кўпчилик ҳудудлар кучли артиллерия ўқлари остида, айниқса, ҳозирда хизмат кўрсатишдан тўхтаб қолган, кўплаб ярадор беморлар яшайдиган «Саҳоба» тиббиёт мажмуасининг атрофи ҳамон қамал қилинмоқда. Шифохонадаги 50 нафар аёл туғиш арафасида»,- дея хабар берган Фаластин ССВ.

Исроил расмийлари эса ўз қурбонларининг сонини 1,4 минг киши эканлигини эълон қилган.

Маълумот учун, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар 2023 йилнинг 7 октябридан бери давом этмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган Ғазо сектори аҳолисининг ярмини болалар ташкил этади. 

Эслатиб ўтамиз, Исроил бош вазири Нетаняху Ғазода ўт очишни тўхтатиш шартларини айтиб, «гуманитар паузалар» давом этишини ҳам истисно қилмаганди. Шунингдек, Исроил ва АҚШни зудлик билан суд қилиш учун Эрон президенти Иброҳим Раисий халқаро судни огоҳликка чақирганди. Исроил мудофаа вазири эса ҲАМАС Ғазо устидан назоратни йўқотганини эслатганди. Исроил президенти эса террорчилар пайдо бўлишининг олдини олиш учун мамлакат қўшинлари Ғазода қолишини айтганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: