Истанбулнинг рамзи бўлган Қиз қалъаси фаолияти қайта тикланди
Мажмуа мамлакатнинг 100 йиллиги муносабати билан ёдгорлик ва музей сифатида қайта очилди
Истанбулдаги афсонавий Қиз қалъаси қайта тиклаш ишлари ва бир қанча янгиланишлардан сўнг, Туркиянинг 100 йиллиги муносабати билан ёдгорлик ва музей сифатида қайта очилди. Истанбулнинг Осиё томонида жойлашган «Киз кулеси» ёки Қиз қалъаси 2021 йилда Маданият ва туризм вазирлиги томонидан бошланган қайта таъмирлаш жараёнининг якунланиши билан яна ўз эшикларини очди. Босфор бўғозида жойлашган минора эндиликда ёдгорлик музейи сифатида фаолият юритади.
Истанбул силуэтининг диққатга сазовор жойларидан бири бўлган Қиз қалъаси денгизнинг ўртасида жойлашганлиги ва об-ҳаво шароити туфайли доимий таъмирлашни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, Туркия Маданият ва туризм вазирлиги 2021 йилда «Қиз қалъаси янгидан кўзларини очади» номли қайта тиклаш лойиҳасини бошлади. Лойиҳа вазирлик, экспертлар, академик олимлар ва меъморлар назорати остида қайта тикланди. Сўнгги реставрация доирасида миноранинг тарихий ҳужжатларида мавжуд бўлмаган барча бетон қўшимчалар асосий конструкциясидан олиб ташланди. Шунингдек, минора ва у жойлашган орол қозиқлар ва сейсмик изоляторлар билан мустаҳкамланди.
Босфор бўғозининг марказида, Истанбулнинг гўзаллигини намойиш этувчи Қиз қалъасининг шуҳратини оширган бир қанча афсоналари ҳам бор. Улардан кенг тарқалгани қирол ва унинг малика қизи ҳақида ҳикоя қилади. Бир фолбин, малика илон чақишидан ўлишини башорат қилганидан сўнг, қирол қизини ҳимоя қилиш мақсадида сув ўртасига Қиз қалъасини қурдирди. Бироқ, малика охир-оқибат ўз тақдиридан қочиб қутула олмади ва қасрга мева саватига кирган илон заҳридан вафот этди.
Маҳаллий аҳоли ва Истанбул меҳмонлари ҳар доим ушбу нафис иншоотни шаҳарнинг бир нечта нуқталардан томоша қиладилар. Энди у музей сифатида қайта очилганидан сўнг, ташриф буюрувчилар Қиз қалъасидан туриб Истанбулнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Қиз қалъаси ҳақидаги афсоналар
Истанбулнинг рамзи бўлган Қиз қалъаси ўзининг бой тарихи давомида кўплаб ривоятларга сабаб бўлган. Улардан бир нечтаси қуйида келтирилган.
Минора ҳақидаги афсоналарнинг энг асосийси, подшоҳ ва унинг малика қизи ҳақида ҳикоя қилади. Бу ҳикоятга кўра, фолбин қизининг илон чақиши туфайли ўлишидан огоҳлантирилган подшоҳ ўз қизини ҳимоя қилиш учун сув устига Қиз қалъасини қурдириб, маликани ўша ерга жойлаштиради. Бироқ тақдиридан қочиб қутула олмаган малика минорага юборилган мевали саватга яширинган илондан заҳарланиб вафот этади.
Яна бир афсона Ҳеро ва Леандроснинг севгисига асосланган. Афродита зиёратгоҳида руҳоний бўлган Леандрос Ҳерони кўриш учун ҳар кеча денгиз кечиб қалъа атрофида сузади. Бироқ, бир куни бўрон кўтарилгач, минорадаги ёруғликлар сўнади ва Леандрос йўлини йўқотиб чўкиб кетади. Оғриқ ва йўқотишларга дош бера олмаган Ҳеро ҳам ўзини сувга ташлаб ўз жонига қасд қилади. Аслида Чаноққалъада бўлиб ўтган бу афсона XVIII асрда европалик саёҳатчилар томонидан Истанбулдаги Қиз қалъаси учун мослаштирилган. Шу сабабли, Қиз қалъаси Тоур де Леандре ёки Леандре минораси сифатида ҳам танилган.
Истанбулнинг гўзаллигини намойиш этувчи «гўзал қиз» сифатида Босфорнинг ўртасида жойлашган Қиз қалъаси кўплаб сериал ва фильмларда ҳам суратга тушган ва ҳали ҳамон тбу ҳолат давом этмоқда. Кўплаб турк сериалларидан ташқари, Қиз қалъаси жаҳон миқёсидаги муҳим кинокартиналарнинг турли саҳналарида акс этган. Бунга Жеймс Бонднинг машҳур «Дунё етарли эмас» ва «Россиядан меҳр ила» фильмлари ва 2007 йилги «Ҳитман» жанговар фильми мисол бўла олади.
Қиз қалъасини қайта тиклаш жараёни ҳақида
Милоддан аввалги 410 йилларга оид Истанбулнинг рамзий иншоотларидан бири бўлган Қиз қалъасини қайта тиклаш ишлари Туркия Маданият ва туризм вазирлиги томонидан 2021 йил сентябрь ойида бошланган эди. Қайта тиклаш ишларининг умумий мақсади бинога кейинроқ қўшилган ва бинонинг асл характерига мос келмайдиган қўшимчаларни тозалаш ва уни асл деталларига қайтариш эди. Қайта тиклаш соҳа мутахассислари Проф. Др. Зейнеп Аҳунбай, Проф. Др. Феридун Чили ва Хан Тумертекин назорати остида амалга оширилди.
Истанбул Техника Университети ва Фатиҳ Султон Меҳмет университети томонидан тайёрланган ҳисоботлар, маслаҳат кенгашининг фикрлари ва Истанбул 6-сонли Маданий меросни муҳофаза қилиш кенгаши томонидан тасдиқланган лойиҳалар асосида қайта тиклаш ишлари бошланди.
Қиз қалъаси ҳақидаги барча тарихий маълумотлар, реставрация ишларида амалга оширилган ислоҳотлар ва бошқа турли маълумотларга оид батафсил маълумотлар ва ҳисоботлар ушбу веб-сайтда жамоатчиликка тақдим этилди.
Қиз қалъасини қайта тиклаш тарихий бино ва атроф-муҳит заминида тахминан 1800 квадрат метрлик орол майдонида амалга оширилди. Қайта тиклаш ишлари 1 ва 2-босқичлар доирасида 570 кун давом этди.
150 кишилик ходимлар билан олиб борилган қайта тиклаш ишлари, оролнинг қийин шароитларига қарамасдан, мутахассис техник ходимлар, қурилиш техникаси ва денгиз транспорти воситалари ёрдамида амалга оширилди.
Ўзининг узоқ тарихи давомида кўплаб таъмирдан ўтган Қиз қалъаси 1944 йилда ёғоч материаллар билан янгиланган эди. Ушбу таъмир давомида бетон ва цемент учун ишлатиладиган тузлар ва бошқа кимёвий моддалар бинога зарар етказди ва ёриқлар пайдо бўлди.
1999 йилдаги зилзиладан сўнг миноранинг ташқи деворларига пўлатдан ўзаро мустаҳкамловчи элементлар ясалди ва 2000 йилларда бинонинг ресторан функцияси учун томга қўшимчалар қўшилди. Бироқ бунга қарамай, Қиз қалъаси жиддий зилзила содир бўлганда бутунлай вайрон бўлиши ҳақиқати юзага чиқди.
Ушбу изланиш натижасида 16 тонна пўлат ва 500 тонна темир-бетон бинодан чиқарилди. Қалъадаги қўшимчалар олиб ташланиши билан Қиз қалъаси Маҳмуд II даврида ўзининг асл кўринишига қайтди.
Бундан ташқари, кимёвий таҳлиллар, георадар тасвирлаш тизимлари, лазерли сканерлар ва бошқалар ёрдамида бинонинг статик муаммолари аниқланди ва мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилди. Масалан, георадар ишлари давомида бўшлиқлар кузатилган асл деворлар инъекция усули билан мустаҳкамланди.
Бинонинг тарихий асосий деворлари зангламайдиган пўлатдан ясалган кўринмас тиргаклар билан мустаҳкамланган.
Байроқ устунининг балкон қаватидан бошланиб, гумбазнинг юқори сатҳигача бўлган қисми ва балкон қавати металлдан ясалган.
Қалъа ҳовлисида ташриф буюрувчилар учун минорага чиқишни таъминлайдиган ёғоч тераслар, йўлаклар ва ёғоч зинапоялар қурилди.
Бундан ташқари, тўлқинлар орол атрофида илгари қурилган пломбаларга зарар етказгани, бугунги кунда улар етарли эмаслиги ва ёриқлар ҳосил қилгани аниқланди. Қозиқлар жойлашган жойлар ва бинога яқин бўлган жойлар каучук изоляторлар билан тўлдирилди.
Қиз қалъасига борадиган тоза сув ва электр тармоқлари янгиланди.