15:57 | 19.04.24
Bugun.uz мухбири сартарош фаолият юритган дўкон манзилини излаб топиб, ҳолат аслида қандай бўлгани билан қизиқди.
Жамоатчилик орасида резонансга сабаб бўлган сартарошхонадаги воқеа бир қанча каналларда тарқала бошлади. Тарқалган видеолавҳада сартарошнинг агрессивлик намоён этгани, сочини калталатиш мақсадида кирган мижознинг қадр-қимматини камситиб, унинг шаънини булғайдиган сўзлар ишлатгани, шунингдек, кимга борсанг бор, қўлингдан нима келади қабилида мижоз (жабрланувчи)нинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳам топташга урингани акс этган.
Мазкур видеолавҳа тармоқларда тарқалгач, сартарошнинг қонун доирасида жазоланишини сўраб ўн минлаб изоҳлар ёзилди. Ўзбошимча равишда «самосуд»га оид чақириқлар ҳам янграй бошлади.
Сартарошхона Тошкент вилоят Келес тумани маҳалларидан бирида, аниқроғи туманнинг «Қорасарой» маҳалла идораси билан ёнма-ён жойлашганлиги аниқланди.
Маҳалла раиси Дилшод Набиевнинг айтишича, видеодаги воқеа 2022 йил 5 октябрда содир бўлган. Воқеа иштирокчилари ўзаро келишиб, бир бирига нисбатан адовати йўқлигини билдирган ва ўша куниёқ хайрлашишган. Маҳалла идораси жабрланувчи шахс ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди. Маълум бўлишича, видеолавҳадаги сартарош 1990 йилда туғилган М.Т бўлиб, «Қорасарой» МФЙда истиқомат қилади. Дўсти Ш.Ф видеони, куни кеча тарқатиб юборган.
Айни вақтда М.Т. сўроқ қилиниш учун олиб кетилгани айтилгач, Бугун.уз Тошкент вилоят ИИО ахборот хизмати раҳбари билан боғланди. Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, бугун, 19 апрел куни суд бўлади ва бу ҳақида батафсил маълумот эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, худди шу маҳалла инспектори пичоқлангани ҳақида ҳабар берилган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: