12:33 | 28.03.24

                       

Кучли шамол оқибатида Тошкент вилоятидаги 12,5 минг хонадон «свет»сиз қолди

Кучли шамол оқибатида Тошкент вилоятидаги 12,5 минг хонадон «свет»сиз қолди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 16 та кўп қаватли уйнинг 768 та хонадони табиий газдан вақтинча узилган.

Бугун, 28 март куни соат 09:33 да қаттиқ шамол оқибатида Тошкент шаҳрида 110 кВли «Л-К-Д» электр узатиш тармоғи 60 МВт қувват билан авариявий ўчди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бунинг оқибатида Тошкент вилоятининг Пискент, Қуйи Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларида истиқомат қилувчи 12 минг 550 та истеъмолчи, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган.

Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда истеъмолчиларни бошқа манбалардан таъминлаш чоралари кўриляпти.

Шунингдек, соат 10:20 да Чилонзор тумани, 19-даҳа «Хирмонтепа» маҳалласида диаметри 50 миллиметр бўлган паст босимли газ қувури катта дарахт шамол оқибатида илдизидан қўпорилиб тушгани боис узилган. Оқибатда, ушбу ҳудуддаги 16 та кўп қаватли уйнинг 768 та хонадони табиий газдан вақтинча узилган.

Айни пайтда ноқулай об-ҳаво (қаттиқ шамол ва ёмғир) шароитига қарамасдан, махсус бригадалар томонидан ушбу носозликлар бартараф этилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: