8:51 | 07.02.24
Халқаро сейсмик кузатувлар глобал тизими билан интеграциялашув асосида мамлакатимизда кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими самарадорлигини янада ошириш, аҳолини фавқулодда вазиятлар, кучли зилзилалар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатларда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш тизимини ривожлантириш мақсад қилинган.
6 февраль куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мажлисда сенаторлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳа «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, хавфсизлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга қаратилганига урғу беришди.
Хусусан, жаҳонда содир бўлаётган мураккаб глобал жараёнларни инобатга олган ҳолда Қуролли Кучларнинг қудрати, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада ошириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ишлаб чиқилган комплекс дастурга мувофиқ амалий ишларни жадаллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳамда хорижий давлатлар армиялари билан ҳамкорликда ўтказиладиган ўқувларни ахлоқий-руҳий жиҳатдан таъминлаш ва психологик тадбирларни ўтказиш ҳамда соҳа мутахассисларининг етакчи хорижий давлатлар армияларида тажриба алмашиш ва малака оширишини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, халқаро сейсмик кузатувлар глобал тизими билан интеграциялашув асосида мамлакатимизда кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими самарадорлигини янада ошириш, аҳолини фавқулодда вазиятлар, кучли зилзилалар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатларда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш тизимини ривожлантириш мақсад қилинган.
Қизғин муҳокамалар жараёнида сенаторлар томонидан давлат дастури лойиҳасига бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Бундан ташқари, қўмита мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2024 йилнинг 31 январь куни ушбу қонун қўмита мажлисида дастлабки тарзда қонун ижодкорлари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимлари ҳамда экспертлар иштирокида батафсил муҳокама қилинган.
Қўмита мажлисида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар қўмита аъзолари ва экспертлар иштирокида ўрганиб чиқилиб, мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган таҳрирда Конституция ва қонунчилик техникаси талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосага келинди.
Қонуннинг маъқулланиши ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга, шунингдек уй-жой фондида ўз хонадонида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида рўй берган ёнғинлар юзасидан ҳуқуқбузар деб топилган фуқароларнинг инсонпарварлик тамойили асосида ижтимоий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: