12:07 | 02.11.23

                       

Макрон ва Тўқаев биргаликда ошиқ ўйнади — видео

Франция президенти кеча, 1 ноябр куни Қозоғистонга ташрифи давомида этнокўргазмада қатнашгани акс этган видео эълон қилинди.

Франция президенти Эммануэл Макроннинг Марказий Осиёга икки кунлик ташрифи давом этмоқда. Бугун, 2 ноябр куни Ўзбекистонда бўлиб турган Макрон кеча, 1 ноябр куни Қозоғистонда бўлди. Ташрифи давомида у Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев билан бирга «Этноаул» қозоқ халқини маданияти кўргазмасига борди. Ушбу жараёндан фото ва видеолар Қозоғистон президентининг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Фото: Қозоғистон президентининг матбуот хизмати
Фото: Қозоғистон президентининг матбуот хизмати

Кўргазма давомида олий даражали меҳмонга қозоқ халқининг миллий кураши ва ошиқ отиш ўйини намойиш қилинган. Тасвирлардан Тўқаевнинг шахсан ўзи Макронга ошиқни қандай отишни ўргатгани ва бу ўйин Франция раҳбарига ҳам хуш келганини кўриш мумкин.


Бундан ташқари, Макрон қозоқ този итлари ва ов қушларининг имкониятлари билан ҳам танишган.

Фото: Қозоғистон президентининг матбуот хизмати
Фото: Қозоғистон президентининг матбуот хизмати

Шундан сўнг, икки давлат раҳбари «Яшил бозор» мева бозорини айланиб чиққан, шунингдек, улар қозоқ миллий ҳунармандчилиги намуналари, тасвирий санъат усталарининг асарлари, маҳаллий дизайнерлар томонидан яратилган миллий либослар кўргазмасини томоша қилган.

Фото: Қозоғистон президентининг матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 ноябр куни Эммануэл Макрон Қозоғистонга ташрифини якунлаб, Ўзбекистонга келганди. Уни аэропортда бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди. Шунингдек, у Президент Шавкат Мирзиёев билан тунги Самарқандни ҳам сайр қилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: