12:30 | 05.02.24

                       

Машҳур курьер топилди. Унинг онасига Умра зиёратига йўлланма совға қилишди

Тошкентда ёмғир остида велосипедини кўтариб кетаётган курьер ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришганди. Bugun.uz видео қаҳрамони билан боғланиб, унинг кейинги режалари ҳақида сўради. Йигит ҳозирда Uzum Tezkor етказиб бериш хизматида фаолият юритади.

Ёмғир остида велосипедини кўтариб кетаётган курьер ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришганди. Bugun.uz видео қаҳрамони билан боғланиб, унинг кейинги режалари ҳақида сўради.

25 январь куни «Новза» метро бекати яқинида курер велосипедини елкасига олиб кетаётган видеоси тарқалганди. Вирусли видео брендлар ўртасидаги ҳақиқий маркетинг жангига сабаб бўлди. Изоҳларда ўқув марказлари унга бепул таълим беришни, етказиб бериш хизматлари уни мукофотламоқчи эканлигини ва бошқа бир қанча брендлар ўз хизматларини совға қилишни таклиф этишди.

Жаҳонгир Маматқулов исмли 22 ёшли курер Uzum Tezkor етказиб бериш хизматида ишлайди. У Жиззах вилояти Янгиобод тумани Сармич қишлоғида туғилган.

«Бирор жойда ўқимайман. Ишни деб ёшлигимни йўқотдим. На бир ўқиш, на бир ҳунарли бўлдим. Фақат таваккал кичик бизнеслар билан шуғулланиб тураман», дейди у.

Кенг тарқалган видео ҳақида биринчи бўлиб опаси унга қўнғироқ қилиб айтган. Шунингдек, хонадошлари ҳам бу ҳақида унга хабар берган.

«Нималар бўлишини тасаввур қилолмадим. Бу видео ҳаётимни ўзгартириб юборса, ҳеч гап эмас, дедим ўзимга-ўзим», дея ҳикоя қилиб беради воқеа қаҳрамони.

Видеодаги воқеа ҳақида унинг ҳикоя қилиб беришича, ўша куни велосипедининг баллони тешилиб қолган. Ғилдирак ичидаги камери йиртилиб кетмаслиги учун уни елкасига кўтариб олган ва 2,5 километр узоқликдаги уйига олиб борган. Велосипед баллонини махсус елим билан ямаб, эртаси куни яна ишга чиққан.

Видео ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг, йигит чинакам машҳурликка эришди. Кўплаб ўқув марказлари, такси ва етказиб бериш хизматлари унга турли совғаларни таклиф қилишган. Бироқ биринчи бўлиб, тур фирмаларидан бири у билан боғланиб, йигитнинг онасига Умра зиёратига йўлланма совға қилган.

«Онамнинг бир умрлик орзулари эди. Ёшлигимиз қийинчиликда ўтган. Уларга болалигимдан «сизни Ҳажга юбораман», деб айтардим. Ишонсангиз, буни эшитиб, йиғлаб юбордим. Барча совғалардан кўра қадрлиси шу бўлди», дейди у.

Шунингдек, у айни пайтда Uzum Tezkor етказиб бериш хизматининг офисига ҳам чақиртирилган. Балки, Uzum Tezkor унга аввал ваъда қилган совғасини бермоқчидир.

Жаҳонгир ўзининг кейинги режалари ҳақида баён қилди. У ўзига таклиф қилинган ўқув курсларидан бирида ўқишини айтди. У ижтимоий-сиёсий фанларга ҳамда компьютерга қизиқишини айтди. У ҳозирда Тошкентда, ихтирочилик билан шуғулланувчи укаси билан бирга ижара уйда истиқомат қилади.

Шунингдек, Жаҳонгир ўзини ва яқинларини хурсанд қилиши ва велосипедни таъмирлашга зарур бўлган барча нарсаларни буюртма қилиши учун Uzum Тезкор фидокор курерга Uzum Market’дан харидларга 1 000 000 сўмлик промокод совға қилган. Тошкент компаниялари ёмон об-ҳаво шароитида шаҳар аҳолисига буюртма етказиб бераётганларнинг барчасига ғамхўрлик қилишлари учун Uzum Тезкор курерлари учун сервис ҳамкорларидан чегирмалар билан платформани ишга туширади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: