13:37 | 21.02.24
Наманганнинг Давлатобод, Тўрақўрғон, Учқўрғон туманларида дорихона сотувчилари ҳеч қандай ҳужжатсиз кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётганда қўлга олинди.
Наманганда аптекачилар кучли таъсир қилувчи дориларни ноқонуний сотаётгани аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, департаментининг Давлатобод, Тўрақўрғон, Учқўрғон тумани бўлимлари томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилган. Унда «D.Ph.», «E.i.», «T.f.» МЧЖга қарашли дорихоналарнинг сотувчилари ҳеч қандай ҳужжатсиз харидорларга жами 80 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтларида ушланиб, ушбу дорихоналардан яна 387 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) ва 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.