16:45 | 10.06.24
Олмаотада 27 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди. Улардан 4 нафарига суд томонидан жавобгарлик тайинланган.
Бундан бир неча кун аввал Олмаота шаҳрида 27 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Бу ҳақда Дунё АА хабар берди.
Ўзбекистон Бош консулхонаси маълумотига кўра, шу йил 6 июн куни Олмаота шаҳрида 27 нафар ўзбекистонлик ноқонуний ишлагани ва Қозоғистон ҳудудида бўлиб туриш қоидаларини бузганликда гумон қилиниб ушланган. Улар Қозоғистон ваколатли идоралари томонидан ўтказилган «Нелегал» республика фавқулодда профилактика тадбири давомида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат бўйича Олмаота шаҳридаги Ўзбекистон бош консулхонаси томонидан Қозоғистоннинг ваколатли органларига тегишли сўров юборилди. Олмаота полицияси билан алоқа ўрнатилиб, бош консулхона томонидан керакли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ҳозирги вақтда 27 нафар ўзбекистонлик ишчи ўз иш жойларига қайтарилди. Улардан 4 нафарига меҳнат миграцияси соҳаси бўйича қонунчиликни бузганлиги учун суд томонидан маъмурий жавобгарлик тайинланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: