13:51 | 23.04.24

                       

Ўзбекистон буджетидаги 2023 йил учун солиқ тушумлари миқдори очиқланди

Ўзбекистонда 2023 йил учун солиқ тушумлари миқдори очиқланди. ДСҚ ўзбекистонликлар 2024 йилда қайси солиқларни кўпроқ тўлай бошлаганини ҳам маълум қилди.

АОКА да 2024 йил 23 апрел куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинишича, 2023 йилда солиқ органлари томонидан давлат бюджетига 165,9 триллион сўм туширилди, бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 17,4 триллион сўмга кўп. Бу ҳақда Bugun.uz мухбири хабар берди.

Фото: Bugun.uz

Қайд этилишича, 2023 йил якуни бўйича 2017 йилга нисбатан тўғридан-тўғри солиқ тушумлари 8 бараварга (8,8 триллион сўмдан 70,7 триллион сўмгача) ўсиши билан бирга уларнинг ЯИМдаги улуши 3,8 фоиз пунктга ўсди (ЯИМга нисбатан 2,8 дан 6,6 фоизгача).

Иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда бюджетнинг асосий қисми тўғридан-тўғри солиқлар ҳисобидан шакллантирилади, бу эса иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва солиқ тизимининг янада самарали фаолият юритаётганидан далолат беради.

Билвосита солиқлар бўйича тушумлар 2,8 бараварга (18,2 триллион сўмдан 51,5 триллион сўмга) ошган ҳолда уларнинг улуши ЯИМнинг 5,7 фоизидан 4,8 фоизигача – 0,9 фоиз пунктга камайди. Бунга сабаб, ислоҳотлар доирасида ҚҚС ставкаси босқичма-босқич 20 фоиздан 15 фоизга ва кейинчалик 12 фоизгача туширилди.

Ресурс солиқлари ва тўловларининг роли ортиб, тушумлар 4 бараварга (6,9 триллион сўмдан 28,1 триллион сўмгача), ЯИМдаги улуши эса 2,2 фоиздан 2,6 фоизгача – 0,5 фоиз пунктга ошди.

Шунингдек, жорий йилнинг I чорагида бюджетга 40,3 трлн.сўмлик солиқ тушумлари таъминланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 трлн.сўмга (6 фоизга) ўсишга эришилди. Маҳаллабай ишлаш институтининг самарали ташкил этилиши натижасида туман (шаҳар)ларда (бюджет ташкилотлари тўлаган солиқларсиз) ўсиш 36,6 фоизни ташкил этган.

Даромадларни ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан мол-мулк солиғи бўйича тушумлар 31 фоизга (+402 миллиард сўмга), ер солиғи 30 фоизга (+428 миллиард сўмга), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 20 фоизга (+718 миллиард сўмга), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 17 фоизга (+1,1 триллион сўмга) ўсди.

Пенсия жамғармаси даромадлари январь-март ойларида 10,9 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 триллион сўмга (117 фоизга) ошди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: