7:39 | 09.05.24

                       

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга бормоқчи бўлганларни огоҳлантирди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга бормоқчи бўлганларни огоҳлантирди. Шунингдек, ТИВ Қозоғистон орқали Россияга бормоқчи бўлганларга мурожаат қилган.

Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди.

Қозоғистонга кириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилгани муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга кириш ва чиқишда фуқароларга барча зарур ҳужжатларни ўзлари билан олиб юришни тавсия қилди.

«Шу билан бирга, Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистонга, балки Россияга ҳам киришда ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш лозим. Чунки Россия ва Қозоғистон ўртасидаги маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги келишувларга мувофиқ Қозоғистоннинг ваколатли органлари Россиянинг миграция ва бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши ёки тўланмаган жарималар мавжудлиги бўйича текширув ўтказади», — дейилади хабарда.

Агар Россияда бўлиш даврида қайд этилган қоидабузарлик ёки тўланмаган жарима аниқланса, Қозоғистон томони Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистонга кириши ёки чиқишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Шу муносабат билан, Қозоғистонга кириш ва чиқиш билан боғлиқ муаммолар юзага келмаслиги учун Ўзбекистон фуқароларига Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бўйича бош бошқармасининг расмий веб-сайти «Хизматлар» бўлимида махсус онлайн шаклни тўлдириш орқали Россияга кириш учун таъқиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текшириш тавсия этилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: