Ўзбекистонда аҳолига уй-жой олиш учун субсидия берилади. Субсидияга ариза бериш саналари маълум қилинди.
Ўзбекистонда уй-жой олиш учун субсидияга аризалар 15 майдан 1 ноябргача қабул қилинади. Бу ҳақда Ҳуқуий ахборот канали хабар берди.
Қайд этилишича, 30 апрель 2024 йил президент фармони қабул қилинган. Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида қуйидагилар амалга оширилади:
- ҳудудларда 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилади;
- қурилиш ташкилотларига бозор тамойиллари асосида ажратилган кредитлар бўйича компенсация ва кафилликлар тақдим этилади;
- кўп қаватли уй-жойлар қуриш жараёнларига «яшил» уй-жой стандартлари жорий қилинади;
- ипотека кредитларини молиялаштиришга камида 17 триллион сўм маблағ йўналтирилади;
- камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратилади;
- банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириш механизмларидан кенг фойдаланилади.
Шунингдек, дастур доирасида субсидиялар тўлашнинг амалдаги тартибига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилади:
- субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2024 йилнинг 15 майидан 1 ноябрига қадар қабул қилинади;
- 2024 йилги Дастур доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 12 фоиздан ошган қисмига, 2025 йил ва ундан кейинги йиллар Дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошган қисмига тўланади;
- бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 2024 йилги дастурдан бошлаб қатъий белгиланган 30 миллион сўм миқдорида тўланади.