10:38 | 09.02.24

                       

Ўзбекистонда бир ойда салкам 100 млрд сўмга яқин электр ва газдан ноқонуний фойдаланилди

«Ўзенергоинспекция» 2024 йил январь ойида 995 тa истеъмолчи электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиши оқибатида тизимга 94,5 сўм зарар етказилганини маълум қилди.

Бир ойда 995 та истеъмолчи томонидан электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиши натижасида тизимга 94 миллиард 542 миллион сўм зарар етказилди. Бу ҳақда «Ўзенергоинспекция» ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, январь ойида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» иштирокида Бош прокуратура ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, электр ва газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 995 та истеъмолчи томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Унга кўра 20 млн 486 минг кВт⋅соат электр энергияси ва 47,3 миллион метр куб табиий газ талон-тарож қилинган бўлиб, давлат манфаатларига жами 94 милиард 542 миллион сўм зарар етказилган.

Республиканинг барча ҳудудларида Инспекция томонидан 24 969 та профилактика тадбир ўтказилди. Шунингдек, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 937 та маъмурий иш расмийлаштирилди.

Энергия самарадорлиги, авария ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан 14 та давлат корхона ва муассасасида назорат тадбирлари ўтказилди. Таъминотчи корхоналар томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан 1 540 та объект ҳамда 2 565 та ижтимоий соҳа объекти ўрганилди.

Реактив қувватни компенсация қилувчи қурилмалар ўрнатиш юзасидан тадбиркорлик субъектларида тушунтириш ишлари олиб борилиб, 13 145 та истеъмолчига тегишли кўрсатмалар берилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: