13:25 | 23.01.23

                       

Ўзбекистонда пиёз нархи олдинги рекорддан 4 баробарга қимматлашди

Ўзбекистонда пиёзнинг ўртача улгуржи нархи навбатдаги рекордни янгилади. Пиёз билан боғлиқ кескин вазият ҳозирда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида кузатилмоқда. Айни вақтда Ўзбекистонда пиёз тижорий ишлаб чиқаришларининг 80 фоизи Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган Украинадан ҳам қиммат сотиляпти

Ўзбекистонда пиёзнинг ўртача улгуржи нархи навбатдаги рекордни янгилади, деб хабар беради EastFruit таҳлилчилари.

Фото: Bugun.uz

Маълум қилинишича, 20 январь ҳолатига кўра, кичик улгуржи пиёзлар партияси нархи 8 минг сўмга чиққан. Бу 2022 йилнинг шу вақтида рекорд ўрнатган нарх билан солиштирганда тўрт баробарга қиммат демак.

Ўтган бир ҳафта ичида пиёзнинг улгуржи нархи қарийб 30 фоизга ошган, охирги икки ҳафтада бўлса — 60 фоизга.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги фермерлар ва трейдерлар аномал совуқ даврида катта ҳажмдаги пиёз захираларини тўғри сақламагани учун улар музлаб қолган ва мамлакат бозорида ушбу полиз экини нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлган.

Таъкидланишича, пиёз билан боғлиқ кескин вазият ҳозирда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида кузатилмоқда. Кўплаб табиат ҳодисалари, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши босқини пиёз нархининг глобал миқёсда қимматлашишига олиб келган.

Шу билан бирга қайд этилишича, Ўзбекистонда ўтган ҳафта давомида кузатилган пиёзнинг улгуржи нархи минтақадаги энг қиммат кўрсаткичга чиққан. Айни вақтда Ўзбекистонда пиёз тижорий ишлаб чиқаришларининг 80 фоизи Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган Украинадан ҳам қиммат сотилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистондан 199,5 минг тонна пиёз экспорт қилинган. Декабрь ойига келиб ташқи бозорларда талаб ошгани ҳисобига экспорт ҳажми ҳам ошган. Бунинг ортидан ички бозорда маҳсулот баҳоси 9,9 фоизга қимматлашган.

Ички бозорда нархлар юқорилиги учун 2023 йилнинг 1 январидан 15 январигача умуман пиёз экспорт қилинмаган. Аксинча, EastFruit таҳлилчиларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бу даврда 3 минг тоннадан ортиқ пиёз импорт қилинган, уларнинг катта қисми Қозоғистондан.

Ўз навбатида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январидан 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чеклов ўрнатилганини маълум қилди. «Бошқа мамлакатларнинг Қозоғистон пиёзига бўлган ажиотаж талаби Осиё ва жаҳондаги энг йирик пиёз етиштирувчилардан бири бўлмиш Покистондаги табиий офатлар билан боғлиқ. Бу мамлакатдаги сув тошқинлари жаҳон миқёсида, жумладан, республикамиз бозорида ҳам пиёз нархи ошишига олиб келди. Аномал совуқ туфайли Қозоғистоннинг жанубий вилоятларида, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ушбу маҳсулот бой берилиши мазкур вазиятда қўшимча босим ўтказмоқда. Асосий пиёз етиштирувчилар ҳозирги кунда Қозоғистон пиёзини фаол равишда импорт қилмоқда», — дейилади Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнотида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: