16:59 | 12.04.24

                       

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди

Элчихонанинг Исроилда бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаати икки кун ичида Эрондан Исроилга тўғридан-тўғри ҳужум кутилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аввалроқ, AҚШ ҳукумати ҳам Исроилдаги дипломатларининг ҳаракатини чеклаб, ўз ходимларига «хавфсизлик нуқтаи назаридан» Қуддус, Тел-Авив ва Бершебадан ташқарига чиқмасликни буюргани ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мамлакатда истиқомат қилувчи фуқароларга мурожаат билан чиқди. Элчихона ўзбекистонликлардан шахсий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш учун яшаб турган жойини заруратсиз тарк этмасликни сўраган.

Фото: Ohad Zwigenberg / AP

Қайд этилишича, минтақадаги вазият сабаб Исроил ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш ҳамда доимий равишда ҳушёрлик зарурлиги сўралган.

«Ушбу зиддиятли кунларда шахсий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш учун яшаб турган жойингизни заруратсиз тарк этмасликни тавсия қиламиз», — дейилади элчихона хабарида.

Элчихона консуллик бўлими ишонч телефонлари: 03−672−2466, 03−672−2371, 03−758−5075, 03−758−5076.

Фавқулодда ҳолатларда ва шошилинч хабарлар учун: 972 54 485 1397.

Элчихонанинг Исроилда бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаати икки кун ичида Эрондан Исроилга тўғридан-тўғри ҳужум кутилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

AҚШ ҳукумати ҳам Эроннинг ҳужумидан ҳавотирланиб, Исроилдаги дипломатларининг ҳаракатини чеклаб, ўз ходимларига «хавфсизлик нуқтаи назаридан» Қуддус, Тел-Авив ва Бершебадан ташқарига чиқмасликни буюрган.

Эрон Сурия пойтахти Дамашқдаги консуллигига Исроил томонидан берилган ракета зарбалари оқибатида эронлик қўмондонларнинг ўлимига жавобан Исроилдаги нишонларга зарба беришни эълон қилганди.

Тhe Wall Street Jornal Исроил ҳарбийлари яқин 24-48 соат ичида Эрондан тўғридан-тўғри ҳужум бўлишини кутаётгани, Ахios нашри эса ўз манбаларига таяниб, минтақадаги вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун Эрон ҳужуми чекланган кўринишда амалга оширишини маълум қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: