17:00 | 24.12.23

                       

Пойтахтда 36 та алоҳида автобус йўлаклари ташкил этилади

Ушбу транспорт йўлаги ишга тушса, автотранспортнинг ўртача тезлиги 11 фоизга ошиб, атмосфера ҳавоси ифлосланиши 12.3 фоизга қисқаради.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси ҳамкорлигида «Тошкент – Кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш (ТАИЛEВ)» лойиҳаси доирасида «Яшил шаҳар» транспорт йўлагининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Президентининг тегишли қарорига мувофиқ 2025 йилгача Тошкент шаҳри бўйича жамоат транспорти доимий ҳаракатланадиган умумий узунлиги 475 км бўлган 36 та алоҳида автобус йўлакларини ташкил этиш белгиланган. Ташаббусни қўллаб-қувватлаш ва автобус йўлакларини хавфсиз ҳамда самарали жорий этишга кўмаклашиш мақсадида ТАИЛEВ лойиҳа доирасида пойтахтнинг Шота Руставели кўчасида жорий этилиши режалаштирилган яшил транспорт йўлагининг концепт-дизайни, математик модели ва техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилди.

Мазкур йўлак лойиҳасини ишлаб чиқишда йўловчи ва аҳолини фикри ўрганилиб, ногиронлиги бўлган шахслар, қариялар, болалар ва аёлларнинг жамоат транспорти инфратузилмасига бўлган эҳтиёжлари инобатга олинган.

Техник-иқтисодий асосларга кўра мазкур йўлакни жорий этилиши натижасида йўлак бўйлаб автотранспортнинг ўртача тезлиги 11 фоизга ошиши, атмосфера ҳавоси ифлосланиши 12.3 фоизга қисқаришига эришилиши ҳисоблаб чиқилган.

Шунингдек, бир кунда йўлак бўйлаб автобусда ҳаракатланадиган барча йўловчилар ҳамда шахсий транспорт эгаларининг тежалган умумий вақти 3 318 соатни, тежалган ёқилғи йилига 2.6 миллион литрни ташкил этиб, бу йилига 21.2 миллиард сўм иқтисодий самарага олиб келиши ҳақида маълумот берилган. Ишлаб чиқилган лойиҳалар ва техник-иқтисодий асослар Тошкент шаҳар ҳокимлигига киритилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: