21:32 | 28.02.24

                       

Президент қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича йиғилиш ўтказди

Мажлисда айтилишича, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорларга тегишли бинолар ва аҳоли хонадонларида умумий қуввати 457 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилди. Бу ишларга банклар томонидан қарийб 2 триллион сўм ресурс ажратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10-12 баробар ортиғи билан қоплашга етади. Лекин шундай улкан имконият анча йиллар давомида ишга солинмаган эди.

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан бу соҳага катта эътибор қаратилиб, ҳуқуқий замин яратилди. «Яшил энергия» манбаларини барпо қилиш бўйича катта дастурлар бошланди. Инвесторлар учун жозибадор муҳит ташкил этилди.

Бугунги кунга қадар, соҳага 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди, яна 13 миллиард долларлик лойиҳалар амалга ошириляпти. Деярли барча вилоятларда замонавий қуёш ва шамол электр станциялари барпо этилмоқда.

Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда 1,6 гигаваттли 9 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга тушди. Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида 183 мегаваттли 6 та йирик ва кичик ГEСлар фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорларга тегишли бинолар ва аҳоли хонадонларида умумий қуввати 457 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилди. Бу ишларга банклар томонидан қарийб 2 триллион сўм ресурс ажратилди.

Натижада қўшимча 5 миллиард киловатт-соат экологик тоза электр ишлаб чиқариш ва 1,5 миллиард куб метр газ тежаш имконияти яратилди. Бу соҳадаги кенг қамровли ишлар маҳаллий корхоналарда трансформатор, ҳар хил турдаги кабеллар, иситиш коллекторлари, қуёш панели, изолятор, металл устунлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам катта туртки берди.

Бир сўз билан айтганда, «яшил» энергетика – ҳам иқтисодиётимиз драйверларидан бирига, ҳам чинакам умуммиллий ҳаракатга айланмоқда. 2024 йилда «яшил энергия» ҳажми 13 миллиард киловатт-соатга, унинг мамлакатимиздаги жами улуши 15 фоизга етади. Қисқа давр учун бу жуда катта кўрсаткич, албатта.

Лекин бу борада ҳали имкониятлар кўп, улар ҳамма ҳудудларда ҳам тўлиқ ишга солинмаяпти. Шу боис йиғилишда қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ва шунга яраша инфратузилмани ривожлантириш бўйича янги режалар муҳокама қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: